“Ойдин гурунглар - 2026”: маърифат, китобхонлик ва ҳамкорлик сари
Жамиятнинг маънавий тараққиёти, аҳолининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда китобхонлик маданияти ва маърифатнинг ўрни беқиёс.
Айниқса, миллий адабиётни ривожлантириш, илмий ва оммабоп нашрларни кенг тарғиб қилиш, замонавий билимларни аҳолига етказиш ҳамда маҳаллаларда мутолаа муҳитини шакллантириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Бу борада давлат ташкилотлари, молия муассасалари, нашриётлар ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.
Ана шу эзгу мақсадлар йўлидаги ташаббусларни бирлаштириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва маърифий лойиҳаларни кенг оммалаштиришга қаратилган “Ойдин гурунглар - 2026” халқаро ижодий форуми бугун Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. 21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда илм-фан, адабиёт, санъат ва маърифат соҳалари вакиллари, тижорат банклари ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев ва бошқалар мамлакатимизда инсон салоҳиятини юксалтириш, адабиёт ва маданиятни қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этишга қаратилаётган эътиборни алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил май ойида Миллий китобхонлик ҳаракатига старт берилгани маърифий ташаббусларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлгани қайд этилди.
Форум доирасида китоблар ва маърифий лойиҳалар кўргазмаси ташкил этилди. Унда китобхонликни ривожлантириш, илм-маърифатни оммалаштириш ва аҳолининг билим олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар намойиш этилди.
Шунингдек, форум дастуридан Марказий банк ташаббуси билан амалга оширилаётган “Молиявий билимлар” лойиҳасининг тақдимоти ҳам ўрин олди. Лойиҳа аҳоли, айниқса, ёшларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, уларда маблағларни оқилона бошқариш кўникмаларини шакллантириш ва замонавий иқтисодий билимларни оммалаштиришга қаратилган. Шу билан бирга, молиявий билимларни оммалаштириш ва рақамли хавфсизлик масалаларини ёритишга қаратилган “Даромад Киберўғрига қарши” комикси ҳам тақдим этилди.
32035
Қайд этилганидек, “Молиявий билимлар” лойиҳаси доирасида ҳозирга қадар дастлабки 10 та китоб нашр этилди. Келгусида иқтисодиётнинг турли йўналишларига оид яна 30 та китобни ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш режалаштирилган. Бу эса ўзбек тилидаги замонавий иқтисодий адабиётлар кўламини кенгайтириш, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ҳамда миллий тилдаги билим манбаларини кўпайтиришга хизмат қилади.
Форумда илмий ва оммабоп адабиётларни ўзбек тилига таржима қилиш, сифатли нашрлар сонини ошириш, маҳаллий нашриётларни қўллаб-қувватлаш ва китобхонлик учун қулай муҳит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда “Маҳалла кутубхонаси” лойиҳаси ва “Bitik.online” рақамли платформаси ҳам тақдим этилди.
“Маҳалла кутубхонаси” лойиҳаси доирасида маҳаллаларда кутубхоналар ташкил этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва фаолиятини қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боис форумда ушбу йўналишда фаол иштирок этган банклар ва ташкилотлар, шунингдек, лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ҳисса қўшган экспертлар ҳамда нашриётлар эътироф этилди.
Жумладан, Халқ банки 13 та маҳаллада кутубхона ташкил этиб, илмий-оммабоп йўналишдаги 60 та китобни нашр этди. “Ўзсаноатқурилишбанк” 17 та, “Ўзмиллийбанк” 14 та, “Туронбанк” ва “Трастбанк” 8 тадан, “Orient Finans” банки 6 та, “Invest Finance Bank” эса 4 та маҳаллада кутубхона ташкил этишга ҳисса қўшди. Ушбу натижалар молия муассасаларининг нафақат иқтисодий тараққиёт, балки жамиятнинг маънавий ва интеллектуал ривожланишида ҳам муҳим ўрин тутишини кўрсатади.
Марказий банк бўлим бошлиғи Шаҳноза Наврўзова таъкидлаганидек, бугунги форум ўтган йили Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада ўтказилган “Банк ва маърифат” форумининг мантиқий давоми бўлиб, ўтган давр мобайнида амалга оширилган маърифий ташаббусларнинг ўзига хос сарҳисобидир.
– Бундай лойиҳалар жамиятда маънавият ва маърифат муҳитини янада мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг дунёқараши ва интеллектуал салоҳиятини бойитишда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, китоб инсонни фикрлашга, изланишга ва янгилик яратишга ундайди. Таъкидлаш жоизки, “Ойдин гурунглар” форумида илгари сурилган ташаббуслар китобхонликни тарғиб қилиш билан бир қаторда, илм-маърифатни жамият тараққиётининг муҳим омили сифатида мустаҳкамлашга хизмат қилади. Банклар, нашриётлар, экспертлар ва ҳамкор ташкилотларнинг бу борадаги ҳамкорлиги эса маърифий лойиҳалар қамровини кенгайтириш, маҳаллаларда кутубхоналар фаолиятини ривожлантириш ва аҳолининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш учун янги имкониятлар яратади, –деди Ш.Наврўзова.
Эслатиб ўтамиз, “Ойдин гурунглар – 2026” халқаро ижодий форуми 22-25 октябрь кунлари Хива шаҳрида давом этади. Форумнинг кейинги босқичида ҳам адабиёт, маърифат, китобхонлик ва ижод соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар намойиш этилади.
Насиба Зиёдуллаева,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА