Осиёда ишонч ва ҳамкорликнинг янги босқичи: Ўзбекистон ташаббуслари ва Боку саммити истиқболи
Дунёда тинчликни таъминлашнинг энг мураккаб масалаларидан бири давлатлар ўртасидаги ишончни сақлаб қолишдир. Зеро, халқаро муносабатда ўзаро ишонч заифлашуви сиёсий қарама-қаршиликни кучайтиради, хавфсизликка таҳдидни оширади ва иқтисодий ҳамкорлик имкониятини чеклайди. Аксинча, мунтазам мулоқот, ўзаро манфаатни ҳисобга олиш ва келишмовчиликни тинч йўл билан ҳал этиш механизми мавжудлиги минтақавий барқарорликнинг муҳим шартидир.
Бу масала қитъамиз учун айниқса долзарб, чунки Осиё дунёнинг йирик иқтисодий, демографик ва геосиёсий марказларини бирлаштиради. Қитъада улкан иқтисодий имконият билан бирга, ҳудудий низо, турли таҳдидлар, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, транспорт боғлиқлиги ҳамда технологик тафовут каби мураккаб муаммолар мавжуд.
Шу жиҳатдан Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) қитъа давлатлари мулоқотини ривожлантириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва умумий хавфсизлик масаласида ҳамкорлик учун муҳим кўп томонлама платформадир.
Мазкур саммитда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар хусусида Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Шарқ мамлакатлари ривожланишини тадқиқ этиш илмий таҳлил маркази директори Адҳамжон Мамажоновнинг фикрларини ёзиб олдик.
Бугунги кунда Кенгаш Осиё ҳудуди ва аҳолисининг қарийб 90 фоизини қамраб олувчи 28 давлатни бирлаштиради. Бундай кенг географик қамров мазкур тузилманинг халқаро аҳамиятини оширади. Энг муҳими, ОҲИЧК турли сиёсий тизимлар, иқтисодий тараққиёт моделлари, маданиятлар ва ташқи сиёсий қарашларга эга давлатларни ягона мулоқот майдонида бирлаштиради.
1992 йил 5 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 47-сессиясида илгари сурилган мазкур ташаббуснинг асосий мақсади Осиё давлатлари ўртасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган умумий мулоқот механизмини шакллантиришдан иборат. 1999 йил 14 сентябрда Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган ташқи ишлар вазирлари биринчи учрашувида аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатни тартибга солувчи тамойил декларацияси қабул қилинган. Ўзбекистон ҳам ушбу ҳужжатни имзолаган 15 дастлабки иштирокчи давлат қаторидан ўрин олган.
2002 йил 4 июнь куни Олмаота шаҳрида ташкилотнинг биринчи саммити бўлиб ўтди ва асосий таъсис ҳужжати – “Олмаота акти” қабул қилинди. Ҳужжат қитъада умумий ва бўлинмас хавфсизлик маконини шакллантириш, давлатлар ўртасида тинч-тотув яшаш ва халқлар фаровонлигини таъминлаш мақсади белгилаб берди.
2022 йил 12-13 октябрь кунлари Остонада бўлиб ўтган олтинчи саммит эса Кенгаш тарихида янги босқични бошлади: ОҲИЧКни босқичма-босқич тўлақонли халқаро ташкилотга айлантиришга қаратилган Остона баёноти қабул қилинди. Бу қарор кенгашнинг келажакдаги мақоми ва фаолияти самарадорлиги нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга: мулоқот платформасидан ҳуқуқий, ташкилий ва институционал механизми янада мустаҳкамланган халқаро тузилмага ўтиш жараёни бошланди.
ОҲИЧКнинг асосий мақсади Осиё давлатлари ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш орқали тинчлик, хавфсизлик, барқарорлик ва ўзаро манфаатли тараққиёт учун қулай шароит яратишдан иборат.
Кенгаш фаолиятида давлатлар суверен тенглиги, ҳудудий яхлитлиги, ички ишларга аралашмаслик, куч ишлатмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш тамойили устувор ҳисобланади.
Шу ўринда муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозимки, Кенгаш ҳарбий-сиёсий блок эмас. Асосий восита ҳарбий мажбурият ёки мажбурлов механизми эмас, балки сиёсий мулоқот, дипломатик маслаҳатлашув, ахборот алмашинуви ва ихтиёрий ишонч чораларидир.
ОҲИЧК фаолияти беш асосий йўналишни қамраб олган: ҳарбий-сиёсий соҳа, янги таҳдид ва хавф-хатарга қарши курашиш, иқтисодий ҳамкорлик, экология ҳамда инсоний меъёрлар.
Бундай ёндашув хавфсизлик тушунчасининг замонавий талқинига мос келади, чунки бугунги дунёда хавфсизлик фақат давлат чегараларини ҳимоя қилиш ёки ҳарбий таҳдиднинг олдини олиш билан чекланмайди. Аҳолининг озиқ-овқат, энергия, сув, соғлиқни сақлаш ва барқарор яшаш шароитига эҳтиёжини таъминлаш ҳам хавфсизликнинг муҳим таркибий қисмидир.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ОҲИЧКнинг дастлабки иштирокчиларидан бири сифатида тузилма шаклланиши ва ривожланишида фаол қатнашиб келмоқда. Айни жараён Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари – тинчликпарварлик, яхши қўшничилик, кўп томонлама мулоқот, минтақавий барқарорлик ва ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик билан уйғун.
Яна бир муҳим амалий ҳиссамиз кенгашнинг инсоний ўлчовига оид ишонч чораларини ривожлантириш билан боғлиқ. Мамлакатимиз ушбу йўналишда мувофиқлаштирувчи давлат ҳамда ОҲИЧК Ёшлар кенгаши ҳамраиси сифатида фаолият юритиб келмоқда.
2021 йил Ўзбекистон ташаббуслари асосида ишонч чоралари каталогининг инсоний ўлчовга оид йўналишлари кенгайтирилиб, демократия, қонун устуворлиги, фуқаролик жамияти, инсон ҳуқуқлари институтлари ҳамда хотин-қизлар имкониятини мустаҳкамлашга доир ҳамкорлик масалалари илгари сурилди.
2022 йил октябрь ойида Остонада бўлиб ўтган олтинчи саммитда Президент Шавкат Мирзиёев кенгаш фаолиятини ривожлантириш юзасидан қатор муҳим таклифлар билдирди.
Биринчи навбатда Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу мамлакат билан боғлиқ масалаларда умумий ва мувофиқлаштирилган ёндашувлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Муаммоларга халқаро ҳамжамият эътиборини кучайтириш ва амалий мулоқот механизмини шакллантириш ташаббуси илгари сурилди.
Иккинчи муҳим йўналиш ёшлар хавфсизлиги билан боғлиқ эди. Радикал ғоялар ва экстремистик оқимларнинг ёшлар онгига таъсирини камайтириш мақсадида Ўзбекистон “Авлодлар мулоқоти” формати йўлга қўйилишини таклиф этди.
Ушбу ташаббуснинг концептуал аҳамияти хавфсизлик масаласига фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш ёки маъмурий чоралар нуқтаи назаридан эмас, балки маърифат, ижтимоий интеграция, ёшлар бандлиги ва авлодлараро мулоқот орқали ёндашиш зарурлиги ифодаланганида.
Учинчи йўналиш иқтисодий хавфсизлик ва транспорт боғлиқлигига тааллуқли. Ўзбекистон Осиёда ишлаб чиқариш ва логистика занжирини мустаҳкамлаш, савдо учун янги имкониятлар яратиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳамкорлик кучайтирилиши тарафдори.
Тўртинчи йўналиш экологик хавфсизлик билан боғлиқ: Ўзбекистон Президенти “Яшил Осиё” концептуал дастури асосида мунтазам эксперт маслаҳатлашувини йўлга қўйиш таклифини киритди.
Ушбу ташаббуслар Ўзбекистоннинг ОҲИЧК доирасидаги ёндашуви хавфсизлик, иқтисодиёт, экология ва инсон капиталини ягона стратегик масала сифатида кўришга асосланганини намоён этди.
Шунингдек, ОҲИЧК доирасидаги фаоллигимиз фақат саммитлардаги ташаббуслар билан чекланмайди. 2026 йил 3-4 июнь кунлари Тошкент шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғлиқликка бағишланган иккинчи Термиз мулоқоти бўлиб ўтди. Ушбу тадбир доирасида ОҲИЧК Бош котиби Қайрат Сарибай ҳам иштирок этди.
Бу ташаббус Ўзбекистоннинг транспорт-коммуникация боғлиқлиги, Афғонистон орқали минтақалараро ҳамкорлик ва иқтисодий барқарорлик масалаларини халқаро кун тартибига олиб чиқишдаги фаол ролини кўрсатади.
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммити ОҲИЧК тарихидаги муҳим сиёсий тадбирлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Биринчи сабаб – Кенгаш фаолиятини институционал жиҳатдан янги босқичга кўтариш жараёни бошланди.
2024-2026 йилларда Озарбайжон ОҲИЧКга раислик қилиб, ушбу даврда ташкилотнинг самарадорлигини ошириш, транспорт боғлиқлигини ривожлантириш, рақамлаштириш ва барқарор иқтисодий тараққиёт йўналишларида ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратди.
Раисликнинг асосий йўналишларидан бири ОҲИЧКни тўлақонли халқаро ташкилотга айлантириш бўйича музокарани давом эттириш бўлди. Шу мақсадда Кенгашнинг келажакдаги Низоми – Хартияси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, аъзо давлатлар томонидан муҳокама қилинди.
Боку саммитида ушбу ҳужжат бўйича муҳим қарорлар қабул қилиниб, Хартия юзасидан якуний келишувга эришилиши ОҲИЧКнинг институционал мақомини мустаҳкамлаш ва халқаро тизимдаги ролини ошириш йўлида муҳим натижадир.
Саммит кун тартибидан Осиёда ишонч, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, транспорт боғлиқлигини ривожлантириш, рақамлаштириш, барқарор иқтисодий ўсиш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам ўрин олган.
Тадбир якунида Боку декларацияси ҳамда Кенгаш роли ва самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар тўплами қабул қилинди. Хуллас, Боку саммити Ўзбекистон учун бир вақтнинг ўзида икки муҳим вазифани амалга ошириш майдони бўлиб хизмат қилмоқда: Осиё миқёсида кўп томонлама дипломатияни ривожлантириш ва Озарбайжон ҳамда бошқа ҳамкор давлатлар билан икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш.
Боку саммити Ўзбекистоннинг Осиё хавфсизлик архитектурасидаги иштирокини кучайтириш ва мавжуд ташаббусларини янги амалий босқичга олиб чиқиш учун қатор имкониятлар яратади.
Аввало, мамлакатимиз Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт боғлиқлигини кучайтириш, Трансафғон йўналиши ва бошқа транспорт ташаббусларини кўп томонлама муҳокамага олиб чиқиш орқали ОҲИЧК иқтисодий кун тартибининг ривожланишига ҳисса қўшади.
Қолаверса, Ўзбекистон Афғонистон масаласида конструктив мулоқот, иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, транспорт ва энергетика инфратузилмасини кенгайтириш орқали барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббусларни илгари сурмоқда. “Яшил Осиё” ташаббусини экологик хавфсизлик бўйича мунтазам экспертлар мулоқоти, қўшма илмий тадқиқотлар ва амалий экологик дастурлар билан боғлаш мумкин. Айниқса, Оролбўйи муаммоси, чўлланиш, сув танқислиги ва иқлим ўзгаришига мослашиш масалаларини Осиё миқёсида муҳокама қилиш Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга.
Яна бир муҳим жиҳат: Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлар йўналишидаги илмий-таҳлилий марказлари ва Осиёдаги етакчи тадқиқот институтлари ўртасида хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, сув дипломатияси, транспорт боғлиқлиги, ёшлар сиёсати ҳамда маданиятлараро мулоқот бўйича қўшма илмий лойиҳалар шаклланмоқда.
Бу йўналишлар Ўзбекистоннинг ОҲИЧК доирасидаги иштирокини фақат сиёсий-дипломатик майдонда эмас, балки илмий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликнинг амалий механизмида ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Анжуманнинг тарихий аҳамияти шундаки, мазкур тузилма Осиёнинг турли сиёсий, иқтисодий ва маданий тизимларга эга давлатларини умумий хавфсизлик ва тараққиёт масалалари атрофида бирлаштириб келмоқда.
Ўзбекистон эса Кенгашнинг дастлабки иштирокчиларидан бири сифатида минтақавий хавфсизлик, Афғонистон масаласи, транспорт боғлиқлиги, иқтисодий барқарорлик, экологик муаммолар, ёшлар сиёсати ва инсоний хавфсизлик йўналишларида ўзининг конструктив ташаббусларини илгари сурмоқда. Шу маънода Боку саммити Осиё давлатлари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, ишонч чораларини кенгайтириш ва умумий хавфсизликни таъминлаш бўйича янги имкониятлар очади. Зеро, бугунги мураккаб халқаро шароитда хавфсизликнинг энг мустаҳкам асоси фақат ҳарбий ёки иқтисодий қудрат эмас, балки давлатлар ўртасидаги ишонч, манфаат мувозанати, очиқ мулоқот ва ўзаро масъулиятдир. ОҲИЧКнинг келажакдаги аҳамияти ҳам айни тамойилларни амалий ҳамкорликка айлантира олишига боғлиқ.
Гўзал Сатторова тайёрлади.
ЎзА