Осиё ўйинлари: Ўзбекистон делегацияси тўртинчи ўринда
Японияда давом этаётган ХХ Осиё ўйинларининг 26 сентябрь кунги беллашувлари якунига етди. Унда спортчиларимиз учта медални қўлга киритди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, ушбу кунда Ўзбекистон делегацияси вакиллари енгил атлетика, камондан отиш, ўқ отиш, қиличбозлик, синхрон сузиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, гандбол, бокс, оғир атлетика, от спорти ҳамда чим устида хоккей бўйича баҳсларга киришди.
Қувонарлиси, байдаркада эшкак эшиш бўйича эркаклар ўртасидаги K1 дастурининг 500 метр масофасида Шаҳриёр Маҳкамов маррага биринчи бўлиб етиб келиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Аёллар ўртасидаги K1 дастурининг 500 метр масофасида Арина Танатмишева кумуш медални қўлга киритди. Каноэда эшкак эшиш бўйича аралаш жуфтликлар ўртасидаги C2 дастурининг 500 метр масофасида эса Владлен Денисов ва Нилуфар Зокирова финишга иккинчи бўлиб етиб келди.
Афсуски, “Аичи–Нагоя-2026” Осиё ўйинларининг енгил атлетика бўйича кечки дастуридан ўрин олган баҳсларда вакилларимиз кутилган натижаларни қайд эта олмади. Жумладан, 1500 метрга югуришда Сабоҳат Самижонова 7-ўринни эгаллаган бўлса, уч ҳатлаб сакрашда Иброҳим Маҳкамов 5-натижани қайд этди.
200 метрга югуришда Султон Ғафуржонов финалга йўл ололмади. Аёллар ўртасида ушбу масофада Лайло Аллаберганова ва Жонбиби Ҳукмова ҳам финал босқичига чиқа олмади. Жонбиби Ҳукмова жароҳати сабаб 400 метрга югуриш финалида иштирок этмади.
Бугунги бокс бўйича баҳслар ҳам қизғин давом этди. -60 килограмм вазн тоифасида Ситора Турдибекова илк жангини муваффақиятли ўтказди. Боксчимиз дастлабки босқичда вьетнамлик Ха Тхи Линни 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олди. Эркаклар ўртасида -55 килограмм вазн тоифасида рингга чиққан Самандар Олимов эса илк жангида таиландлик рақибига 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 34 тага етиб, умумжамоа ҳисобида тўртинчи поғонага кўтарилди. Уларнинг 8 таси олтин, 17 таси кумуш ва 9 таси бронза.
[gallery-31629]
Медаллар жамғаришда Хитой 107 та олтин, 41 та кумуш ва 28 та бронза медаль билан пешқадамлик қилмоқда. Япония 31 та олтин, 49 та кумуш ва 49 та бронза медаль билан иккинчи, Жанубий Корея 16 та олтин, 21 кумуш ва 36 та бронза медаль билан учинчи ўриндан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Сарвар Ўрмонов (сурат)
ЎзА