Осиё ўйинлари: Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Хитой билан дуранг ўйнади
Осиё ўйинлари аёллар футболи мусобақасининг 2-турида Ўзбекистон терма жамоаси Хитой билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Ўзбекистон 41-дақиқада Холида Дадабоева томонидан киритилган гол эвазига олдинга чиқди. Хитойликлар 70-дақиқада Жан Лин Янгнинг голи билан ҳисобни тенглаштирди. Қолган вақтда натижа ўзгармади.
Терма жамоамиз Осиё ўйинларидаги иштирокини ҳам дуранг билан бошлаган эди. 14-сентябрь куни Филиппинга қарши баҳсда Ўзбекистон 1:1 ҳисобини қайд этди.

G гуруҳида Хитой 2 та учрашувдан 4 очко билан пешқадам бўлиб турибди. Ўзбекистон 2 та ўйиндан 2 очко жамғариб, айни пайтда 2-ўринни эгалламоқда. Филиппинда 1 та ўйиндан 1 очко, Ҳонг Конгда эса ҳозирча очко йўқ. Шу билан бирга, Филиппин — Ҳонг Конг учрашуви ҳали ўтказилмагани сабабли (15:00 да бошланади) жадвалдаги вазият ўзгариши мумкин.
Ўзбекистон гуруҳ босқичидаги сўнгги учрашувини 21-сентябрь куни Ҳонг Конгга қарши ўтказади. Баҳс Тошкент вақти билан соат 12:00 да бошланиши режалаштирилган.

Мусобақа низомига кўра, ҳар бир гуруҳдан дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар, шунингдек, учинчи ўрин соҳиблари орасидан энг яхши натижа қайд этган икки терма жамоа чорак финалга йўл олади.
Ўзбек ва жаҳон спортига оид энг сўнгги янгиликлар: @Uzasport