“Орол-W” қизлар жамоаси олий лигада
Қорақалпоғистон Республикасининг “Орол-W” қизлар футбол жамоаси биринчи лигада муддатидан олдин чемпионликни қўлга киритди ва олий лигага йўлланма олди.
Ўзбекистон чемпионатининг 20-турида “Орол-W” ўз майдонида “Андижон-W” жамоасига қарши майдонга тушди. Ҳал қилувчи баҳсда қорақалпоғистонлик қизлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу ғалаба орқали жамоа очколарини 47 тага етказиб, мусобақа жадвалида пешқадамликни мустаҳкамлади. Чемпионат якунига бир тур қолганида энг яқин таъқибчиси “Андижон-W” билан орадаги фарқни 6 очкога етказди ва муддатидан олдин чемпионликни қўлга киритди.

Энг муҳими, жамоа ушбу натижа орқали Ўзбекистон қизлар олий лигасига йўлланмани қўлга киритди. Шу тариқа, Қорақалпоғистон қизлар футбол жамоаси тарихда илк бор Ўзбекистон Олий лигасида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Бу тарихий муваффақият Президентимизнинг Қорақалпоғистон ёшларига деган оталарча ғамхўрлиги, футболчи қизларнинг меҳнати, матонати ва жамоавий ҳамжиҳатлигининг самарасидир. Ушбу ғалаба Қорақалпоғистонда қизлар футболини янада ривожлантириш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва янги ютуқларга эришиш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири