Оқолтин моши хорижий бозорга чиқмоқда
Даладаги ҳосил иқтисодий даромадга, маҳаллий маҳсулот эса экспорт тушумига айланмоқда. Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида етиштирилган мошни Хитойга экспорт қилиш бўйича 6 миллион АҚШ долларлик келишувга эришилди. Бу деҳқонлар меҳнати самарасини ошириш, фермерлар даромадини кўпайтириш ва ҳудуднинг экспорт салоҳиятини юксалтириш йўлидаги муҳим қадамдир.
«Оқолтин Греэн Голд Эхпорт» МЧЖ ҳамда хитойлик ҳамкорлар ўртасида эришилган келишув маҳаллий мошни замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш ва халқаро талабларга мувофиқ экспортга тайёрлаш имкониятларини кенгайтиради.
Корхонада мош ранги, тозалиги ва ўлчамига кўра сараланиб, махсус ускуналар ёрдамида қадоқланади. Хитойдан келтирилган замонавий ускуналар маҳсулот сифатини яхшилаш ва унинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
— Мош етиштириш ҳажмини кўпайтириш билан бирга, уни сифатли қайта ишлаш ва ташқи бозорларга етказиб беришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Халқаро ҳамкорлик маҳаллий маҳсулотлар учун янги бозорларни очиб, экспорт имкониятларимизни кенгайтирмоқда, — дейди туман ҳокимининг инвестициялар, саноат ва савдо масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Турсунов.
Жорий йилда туманда ғалладан бўшаган 7 минг гектардан зиёд майдонда такрорий экин сифатида мош етиштирилди. Ҳосилни қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш маҳсулотнинг қўшилган қийматини ошириш, фермерлар даромадини кўпайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги тармоғининг иқтисодий самарадорлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Корхона кунига 80–100 тонна дуккакли маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга. Бу ерда йилига 10–11 минг тонна дуккакли маҳсулот қайта ишланади. Шунингдек, 30 нафар ишчи доимий иш билан таъминланган.
— Мош экспорти орқали валюта тушумини ошириш билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам ҳисса қўшяпмиз. Ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва ташқи бозорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятларимиз етарли, — дейди корхона раҳбари Иноятулла Холбоев.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири