«Ўқитувчига эҳтиром» ҳуқуқий акцияси ўтказилди
Ширин энергетика техникумида педагог ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган «Ўқитувчига эҳтиром» ҳуқуқий акцияси доирасида семинар ташкил этилди. Ширин шаҳар адлия бўлими ходимлари иштирокида ўтказилган тадбирда педагогларнинг меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқлари, қонунчиликда белгиланган кафолатлар ҳамда улар бузилган тақдирда ҳуқуқларни ҳимоя қилиш механизмлари хусусида сўз юритилди.
Семинар давомида ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат муносабатларида қонунчилик талабларига риоя этиш, меҳнат шартномаси шартлари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган меҳнат низоларини ҳал қилиш тартибига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, педагогларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, касбий фаолияти давомида ҳуқуқбузарлик ҳолатларига дуч келганда тегишли идораларга мурожаат этиш тартиби ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, ўқитувчиларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш таълим сифатини оширишнинг муҳим омилларидан биридир. Педагогларнинг ўз ҳуқуқларини яхши билиши, қонунчиликда белгиланган кафолатлардан фойдалана олиши уларнинг касбий манфаатларини ҳимоя қилиш баробарида таълим муассасасида соғлом меҳнат муҳитини шакллантиришга замин яратади.

— Ўқитувчининг жамиятдаги мавқеи, аввало, унинг меҳнатига бўлган ҳурмат ва ҳуқуқларининг амалда таъминланишида намоён бўлади. Шу боис педагогларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, меҳнат фаолияти билан боғлиқ масалаларга аниқлик киритиш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бундай тадбирлар ўқитувчиларнинг ўз ҳуқуқларини чуқурроқ англаши, эҳтимолий муаммоларнинг олдини олиш ва таълим муассасасида қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлашга ёрдам беради, — деди Ширин энергетика техникуми директори Алфаробий Ҳусанов.

— Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган «Ўқитувчига эҳтиром» ҳуқуқий акцияси педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш, шунингдек, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган. Акция доирасида ўқитувчиларга меҳнат ҳуқуқлари, қонунчиликда белгиланган кафолат ва имтиёзлар ҳамда улардан фойдаланиш тартиби юзасидан тушунтиришлар берилмоқда. Бундай тадбирлар педагогларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш ва қонуний манфаатларининг амалда таъминланишига замин яратади, — деди Ширин шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи Шукрулло Ҳасанов.
Ширинда ўтказилган семинар педагогларнинг ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш, меҳнат муносабатларида қонунийликни таъминлаш ва ўқитувчилик касбига бўлган ҳурматни янада юксалтириш йўлидаги муҳим тадбирлардан бири бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири