Олтинсой сайёҳларни чорламоқда
Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги “Хўжаипок” санаторийсида шу йил 14-15 октябрь кунлари “Ўзбекистон энотуризми ва миллий таомлари” фестивали бўлиб ўтади.
Унда шираси тилни ёрадиган узумчилик, виночилик анъаналари, миллий таомлари, маҳаллий маҳсулотлари, ҳунармандлиги ва бетакрор туристик салоҳияти кенг намойиш этилади.
Тадбир дастуридан гастрономик кўргазма ва тақдимотлар, миллий маданият ва ижодий чиқишлар, шунингдек, туризм соҳаси вакиллари, тадбиркорлар ва потенциал ҳамкорлар билан учрашувлар ўрин олган.
Фестиваль ташкилотчиларининг айтишича, тадбир воҳанинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиб, маҳаллий маҳсулотларни оммалаштириш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб, бой сайёҳлик салоҳиятга эга вилоятнинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири