Олтиариқдаги янгиланишлар — журналистлар нигоҳида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Олтиариқ тумани ҳокимлиги томонидан республика оммавий ахборот воситалари вакиллари, маҳаллий журналист ва блогерларни ҳудудда амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан таништириш учун навбатдаги пресс-тур ташкил этилди.
Таъкидлаш жоиз, Президентимизнинг 2025 йил 27 декабрдаги “2026–2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, тумандаги 2 та умумтаълим мактабида қўшимча ўқув бинолари қуриш, 1 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 1 та канални реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Журналист ва блогерлар мазкур объектларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.
Шунингдек, тумандаги “Узумчи” ва “Катпут” маҳалла фуқаролар йиғинларига “Янги Ўзбекистон қиёфаси”даги маҳалла мақоми берилиб, уларнинг ҳар бирига 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилиши белгиланган. 7 та маҳалла фуқаролар йиғини эса “оғир маҳалла” тоифасига ўтказилиб, уларнинг ҳар бирига 2 миллиард сўмдан маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.
[gallery-31569]
Ҳаётбахш дастурлар доирасида кўп қаватли уйларни иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш ва энергия самарадорлигини ошириш мақсадида Навоий маҳалласидаги 23 та кўп қаватли уйда 83 миллиард 680 миллион сўмлик қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Айни пайтда 39-умумтаълим мактаби ҳамда 34-, 35-мактабгача таълим ташкилотларида қарийб 21 миллиард сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда.
Пресс-тур давомида иштирокчилар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, Давлат хизматлари маркази, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат) ЎзА