Оилавий ҳамшираларни тайёрлаш – эътиборда
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳамширалик иши бўйича бош мутахассиси Рихсихон Салихўжаева иштирокидаги беш кунлик анжуманда соҳада ҳамширалик хизматининг ўрнини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, профилактика ишларини кучайтириш ҳамда хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида Наманган вилоятидаги ҳудудий тиббиёт бирлашмалари ҳамда даволаш-профилактика муассасаларининг бош ҳамширалари иштирокида ўқув-семинар ўтказилди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг шу йил 11 июндаги “2026 йилда Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг олтинчи бўлими хотин-қизлар фаоллигини ошириш ва аёлларнинг жамиятдаги ролини янада кучайтиришга қаратилган.

Ушбу вазифалар доирасида аҳолининг тиббий саводхонлигини юксалтириш, хавфсиз ҳомиладорлик ва туғруқни таъминлаш, миллат генофондини яхшилаш, ёш оналарга чақалоқ парвариши бўйича услубий кўмак бериш мақсадида маҳаллаларда оила ҳамширалари тизимини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада тиббиёт техникумларида аҳолининг тиббий саводхонлигини оширишга йўналтирилган махсус курсларни ташкил этиш кўзда тутилган. Мазкур ташаббус “Наманган тажрибаси” сифатида йўлга қўйилиб, тиббиёт техникуми ўқувчиларининг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Хусусан, махсус курсларни тамомлаган техникум ўқувчиларининг поликлиникалардаги тиббий бригадаларда амалиёт ўташини ташкил этиш, уларни аҳоли билан ишлаш кўникмаларига ўргатиш ва маҳаллаларда тиббий-маърифий тадбирларда фаол иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

– Тиббий саводхонлик фақат касалликни даволаш эмас, балки унинг олдини олиш, саломатликка масъулият билан ёндашиш, ҳомиладорлик ва оналик даврида зарур тавсияларга амал қилиш, бола парваришида тўғри кўникмаларни шакллантиришдан бошланади, – деди Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят хотин-қизлар ва оила бошқармаси бошлиғи Динара Ёқубова. – Шу боисдан ҳам, ҳамшираларнинг аҳоли билан бевосита мулоқотда бўладиган тиббиёт ходими сифатидаги вазифалари янада кенгайиб бормоқда. Маҳаллабай ишлаш, хонадонларга ташриф буюриш, хавф омилларини эрта аниқлаш ва аҳолига соғлом турмуш тарзи бўйича тушунтириш ишларини олиб боришда уларнинг иштироки муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир давомида, вазирликнинг ходимлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва соғлом муҳитни таъминлаш, хизмат муносабатлари маданиятини янада такомиллаштиришга қаратилган буйруғи ижроси юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, тиббиёт муассасаларида соғлом иш муҳитини шакллантириш, ходимлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва хизмат муносабатлари маданиятини юксалтириш, ҳар бир ходимнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ билиши ҳамда уларга риоя этиши зарурлиги қайд этилди.

Бундай анжуманлар ҳамширалик хизматини янги босқичга кўтариш, тиббиёт техникуми таълими ва амалиёти ўртасидаги узвийликни таъминлаш, энг асосийси, маҳаллаларда аҳолининг тиббий маданиятини оширишга хизмат қилади.
Бинобарин, ҳудудий тренерлар олган билим ва кўникмаларини кейинги ўқув жараёнларида ҳамшираларга етказиб, маҳаллаларда тиббий саводхонликни оширишга ҳисса қўшади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири