Назорат шаффофлиги: Коррупцияга қарши рақамли қурилмалар жорий этилди
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси тизимида давлат санитария назорати жараёнларида шаффофликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбир ташкил этилди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакилларига назорат жараёнларини рақамлаштириш мақсадида харид қилинган 725 та планшет ва 725 та махсус боди-камеранинг вазифалари, улардан фойдаланиш тартиби ва амалий имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

– Мазкур қурилмаларни жорий этишдан асосий мақсад – текширув жараёнларини холис ва шаффоф ташкил этиш, аниқланган ҳуқуқбузарликларни электрон расмийлаштириш, назорат тадбирларида инсон омили билан боғлиқ хавфларни камайтириш ҳамда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишдан иборат, – деди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков. – Энг асосийси, бундай замонавий рақамли технологиялар назорат жараёнидаги ҳар қандай тушунмовчиликларнинг олдини олиб, тадбиркорларнинг ҳақли эътирозлари келиб чиқишига йўл қўймайди ва муносабатларда тўлақонли очиқликни таъминлайди.
Тадбир давомида махсус боди-камераларнинг назорат жараёнидаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу қурилмалар ходимларнинг текширув давомида амалга оширган ҳаракатларини аудио-видео ёзув орқали қайд этиш, юзага келиши мумкин бўлган низoли вазиятларга ойдинлик киритиш ҳамда назорат тадбирларининг холислигини таъминлашга хизмат қилади.

Ишлаб чиқилган низом лойиҳасида боди-камераларни тақиш, улардан фойдаланиш, ёзиб олинган маълумотларни махсус серверга узатиш ва сақлаш тартиблари белгиланган. Жумладан, аудио-видео ёзувларни сақлаш муддати бир йил этиб назарда тутилган.
Харид қилинган планшетлар орқали назорат жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликларга оид маълумотларни «E-ma’muriy ish» ахборот тизимига киритиш ва тегишли ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштириш кўзда тутилган.

Бу жараёнда ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги маълумотларни тизимга киритиш, маъмурий баённомаларни шакллантириш ҳамда тегишли ҳужжатларни ваколатли бўлинмаларга юбориш имконияти яратилади. Натижада ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнининг изчиллиги ва ҳисобдорлигини оширишга эришилади.
Боди-камера ва планшетлардан фойдаланиш, уларнинг техник созлигини таъминлаш, қайд этилган маълумотларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилаш тартиби ишлаб чиқилди.

Унда қурилмалардан фойдаланиш қоидалари, маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш, техник носозликлар юзага келганда кўриладиган чоралар ҳамда ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришдаги масъулияти назарда тутилган.
Қурилмалардан фойдаланиш бўйича ходимлар махсус ўқув тайёргарлигидан ўтказилди. Бугунги кунда қурилмаларни ҳудудлар кесимида тақсимлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Тадбир якунида журналистлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш, янги технологияларнинг назорат жараёнларидаги аҳамияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Мазкур ташаббус назорат жараёнларида очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА