Наврўз саховат ва бунёдкорлик тимсолидир
Дунёда турли байрамлар, қутлуғ саналар кўп. Лекин инсон қадри ва шаънини улуғлашда Наврўз айёми алоҳида ўрин тутади.
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида янгиланиш, яшариш ва баҳор байрами – Наврўзи олам шукуҳи уфуриб турибди. Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида, корхона, ташкилот ҳамда муассасаларида умумхалқ байрами “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” бош ғояси асосида кенг нишонланмоқда.

Баҳорнинг илк нафаси билан кириб келган Наврўз “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Наманган ҳудудий филиалида сайл тарзида кенг тантана билан ўтказилди.
Тадбирда филиал директори вазифасини бажарувчи Тўлқинжон Муллажонов иштирокчиларни байрам билан табриклаб, шарқона янги йил – Наврўзи олам асрлар давомида баҳор, эзгулик, меҳр-оқибат ва бунёдкорлик рамзи сифатида халқимиз ҳаётида беқиёс ўрин тутганини алоҳида айтди.
Сайлда шаҳар, туман электр таъминоти корхоналари томонидан миллий урф-одатлар ва қадриятларимиз, ҳунармандчилик намуналари ҳамда дошқозонларда сумалак тайёрланди. Шунингдек, миллий спорт мусобақалари, миллий либослар кўргазмаси, таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури сайлга янада файз бағишлади.

– Корхонамизда юзга яқин ишчи-ходимлар 44 минг 200 дан ортиқ электр энергияси истеъмолчиларига хизмат қилиб келмоқда. Аҳоли ва юридик истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида таъминотни модернизация қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Чортоқ тумани электр таъминоти корхонаси бошлиғи Икромжон Юнусов. – Жумладан, давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари билан тасдиқланган тегишли дастурларга кўра, ўтган 2025 йилда туманимиздаги Соҳибкор, Ўрикзор, Қорамурт, Деҳқонобод ва Гулдиров маҳаллаларида 62 километр тармоқ тортилиб, 14 та трансформатор ўрнатилди. Сайлда Наврўзнинг ажралмас бўлаги саналган миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик намунасини ўз кўргазмаларимизда акс эттирдик. Бу юртимизда 130 дан ортиқ турли миллат ва элат вакиллари “Ўзбекистон – умумий уйимиз” ғоясига бирлашиб, ўзаро аҳилликда умргузаронлик қилаётганидан нишона.
Байрам доирасида эзгу анъаналар давом эттирилиб, ишчи-ходимларнинг 17 нафар фарзанди учун хатна тўйлари уюштирилди. Тўйболаларга велосипед ва пул мукофотлари тақдим қилинди.

Тадбир якунида, спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган Мингбулоқ тумани электр таъминоти корхонаси, ош чемпионатида зафар қучган филиал энергосотиш бўлими, миллий қадриятлар ва модалар кўргазмаларида энг юқори натижани кўрсатган Давлатобод тумани электр таъминоти корхонаси жамоалари қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Дарҳақиқат, Наврўз сайли миллий қадриятларимизни улуғлаш, жамиятда бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган унутилмас байрамга айланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.