Навоий халқаро аэропортининг замонавий халқаро логистика маркази сифатидаги салоҳияти ошмоқда
Навоий халқаро аэропортида Ўрта Осиёда ягона бўлган “Порто-Франо” эркин божхона ҳудудининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 9 февралдаги “Навоий халқаро аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида аэропортнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг транспорт-логистика салоҳиятидан янада кенг фойдаланиш ҳамда халқаро юк ташувларини ривожлантириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Янги ҳудуд орқали товарларни божхона тўловларисиз олиб кириш ва сақлаш, уларни қайта ишлаш, импорт, экспорт ва транзит операцияларини амалга ошириш учун қулай шароит яратилади. Бу эса юкларнинг аэропортда ортиқча вақт ва харажатларсиз расмийлаштирилиши ҳамда кейинги манзилга тезкор йўналтирилишига хизмат қилади.
Шунингдек, аэропортда хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ACU — Air Conditioning Unit махсус қурилмаси фойдаланишга топширилди.

Мазкур ускуна ҳаво кемаси ерда турган вақтда унинг салонига совитилган ёки иситилган ҳаво етказиб беради. Бу йўловчилар ва экипаж учун қулай шароит яратиш билан бирга, ҳаво кемаларига ер усти хизматларини янада самарали ташкил этиш имконини беради.
А.Бўриев, ЎзА мухбири