Навоий шаҳрида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда
Шаҳарнинг бугунги қиёфасига қараб, унинг эртанги тараққиёти ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Янги уй-жойлар, замонавий ижтимоий объектлар, ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайиши, обод маҳаллалар – буларнинг барчаси, аввало, инсон учун муносиб ҳаёт шароитини яратишга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодасидир. Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев ЎзА мухбири билан бўлган суҳбатда шаҳарда аҳоли турмуш фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
– Шаҳар тараққиёти ҳақида сўз борганда, аҳоли даромади, бандлиги, тадбиркорлик имкониятлари, таълим ва ижтимоий хизматлар сифати асосий мезонлардан бири ҳисобланади. Бугун Навоийнинг йирик саноат маркази сифатидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Ишлаб чиқариш қувватларини янгилаш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, корхоналар фаолиятини кенгайтириш орқали шаҳарнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши, экспорт кўрсаткичларидаги ижобий натижалар иқтисодий фаолликнинг амалий самарасини кўрсатмоқда. Бироқ иқтисодий ўсишнинг ҳақиқий аҳамияти унинг аҳоли ҳаётига таъсири билан белгиланади. Ишлаб чиқаришдаги ўсиш янги иш ўринларига, янги даромад манбаларига айланиши керак. Шу нуқтаи назардан, аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи доимо диққат марказимизда.
2026 йилнинг биринчи ярмида 5,6 минг нафар шаҳар аҳолиси даромад келтирадиган меҳнат фаолиятига жалб этилди. Бу белгиланган олти ойлик режанинг 235,7 фоизга бажарилганини англатади.
Тадбиркорлик соҳасидаги натижалар ҳам аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш жараёни билан узвий боғлиқ. Йилнинг биринчи ярмида 6,3 минг нафар фуқаро тадбиркорлик фаолиятига жалб этилди. Шунингдек, 5,4 минг нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиш имкониятидан фойдаланди. Янги ташкил этилган корхоналар орқали 500 нафар, якка тартибдаги тадбиркорлик асосида эса яна 400 нафар фуқаро ўз фаолиятини бошлади.
Бугунги ислоҳотларнинг муҳим вазифаларидан бири фуқароларнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик учун қулай шароитларни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратилишига замин ҳозирлашдир.
Шаҳар тараққиётини ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Йил бошидан буён маҳаллий бюджет даромадларининг режадан ортиқча қисми ҳисобидан ижтимоий соҳага 7,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Жумладан, 3,5 миллиард сўм мактабларга, 1,6 миллиард сўм мактабгача таълим ташкилотларига, 1,5 миллиард сўм соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишларига, 1,1 миллиард сўм эса маданий-маърифий йўналиш ва аҳолининг ижтимоий кайфиятини яхшилашга сарфланмоқда. Бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш шаҳар бошқарувидаги муҳим вазифалардан. Ортиқча тушумдан шаклланган ҳар бир маблағ аҳоли эҳтиёжига хизмат қилиши, маҳаллада ёки ижтимоий муассасада ўзининг аниқ натижасини кўрсатиши лозим. Айниқса, таълим соҳасига йўналтирилаётган маблағларни келажакка қаратилган сармоя сифатида баҳолаш мумкин.
Бугун Навоий шаҳридаги 23 та умумтаълим мактабининг 18 тасида инклюзив синфлар фаолият юритмоқда. Жорий йил 2 июль куни шаҳар Кенгаши томонидан маҳаллий бюджетнинг биринчи чоракдаги режадан ортиқча тушумлари ҳисобидан инклюзив синфларни жиҳозлаш учун 400 миллион 391 минг сўм маблағ ажратилди.
Шаҳарнинг янги қиёфаси ҳам амалга оширилаётган ана шу ишлар билан бирга шаклланмоқда. Янги массивларда кўп қаватли уй-жойлар қад ростламоқда, хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, ишлаб чиқариш қувватлари янгиланмоқда. Маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва аҳоли учун қулай муҳит яратиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Жорий йилда 19-умумтаълим мактабининг 810 ўринли замонавий қўшимча таълим биноси, “Янги ариқ” маҳалласи биноси ҳамда қатор ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Ал-Хоразмий номидаги таълим муассасасининг қурилиш ишларига 36,2 миллиард сўм маблағ сарфланди. Лойиҳа доирасида нафақат ўқув корпуси, балки ўқувчилар учун 222 ўринли ётоқхона ҳамда 18х30 метр ўлчамдаги замонавий спорт зали ҳам қурилди.
Бу объектларнинг ҳар бири шаҳар ҳаётида ўз ўрнига эга. Мактаб фарзандларимиз таълими учун, маҳалла биноси аҳоли билан ишлаш сифатини ошириш учун, ижтимоий объектлар эса одамларнинг кундалик эҳтиёжларини таъминлаш учун хизмат қилади.
[gallery-31529]
Навоий шаҳрининг келажагини иқтисодий салоҳият ва инсон омилининг уйғунлигида кўриш мумкин. Саноат ривожланади, янги корхоналар ишга тушади, тадбиркорлик кенгаяди. Аммо бу жараёнларнинг натижаси инсон ҳаётида ўз аксини топгандагина тараққиёт тўлиқ мазмун касб этади. Ишли инсон, даромади барқарор оила, замонавий шароитда таълим олаётган фарзанд, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор, обод ва қулай маҳаллада яшаётган аҳоли — шаҳар тараққиётининг мазмуни ана шу оддий, аммо муҳим ҳаётий натижаларда намоён бўлади. Шу маънода, Навоий шаҳрида амалга оширилаётган ислоҳотлар фақат рақамлар, қурилишлар ёки янги лойиҳалар билан ўлчанмайди. Уларнинг ҳақиқий самараси инсоннинг ўз ҳаётидаги ўзгариш, янги имконият ва эртанги кунга ишонч билан белгиланади.
Бугунги Навоийнинг янгиланиб бораётган қиёфаси замирида ана шу мақсад – инсон манфаати, аҳоли фаровонлиги ва барқарор тараққиёт ғояси мужассам. Шаҳарнинг бугунги бунёдкорлик суръатлари эса унинг эртанги тараққиёти учун мустаҳкам замин яратмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири