Наркотикларга қарши курашишда сунъий интеллектдан фойдаланиш мумкинми?
Сунъий интеллект турли соҳаларда жуда фойдали бўлиб, инсон меҳнатини енгиллаштириш, самарадорликни ошириш ва янги имкониятлар яратишда муҳим роль ўйнайди.
Сунъий интеллект катта ҳажмдаги маълумотларни жуда тез таҳлил қилади ва қарор қабул қилишни осонлаштиради. Инсон омили билан боғлиқ хатоларни камайтириб, аниқликни оширади.
Сунъий интеллект ёрдамидаги видео кузатув ва таҳлил тизимлари жиноятларнинг олдини олишга ёрдам беради. Киберхавфсизлик соҳасида ҳужумларни олдиндан аниқлаб, тизимларни ҳимоя қилади.
Наркотикларга қарши курашишда сунъий интеллектдан фойдаланиш мумкинми?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигидан маълум қилишларича, наркожиноятларга қарши курашишда замонавий технологиялар, хусусан, сунъий интеллектдан фойдаланиш устида иш олиб борилмоқда.
Шу мақсадда интернет тармоғидаги ноқонуний нарко-дўконларни аниқлаш, гиёҳвандлик воситалари тарқалишини мониторинг қилиш ва уларни блоклашга қаратилган илғор лойиҳалар ишлаб чиқилди.
Мазкур ишланмалар ёшлар ўртасида ўтказилган Хакатон ғолиблари томонидан яратилган.
Мазкур лойиҳалар наркотикларга қарши курашишда сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш имкониятларини яққол намоён этди. Эндиликда уларни амалиётга жорий этиш истиқболлари, афзалликлари ҳамда мавжуд муаммолар кўриб чиқилмоқда.
Агентлик томонидан сунъий интеллект асосидаги ечимларни кенг жорий этиш орқали наркотикларга қарши курашиш тизими янада такомиллаштирилади. Шунингдек, бу борада идоралараро ҳамкорлик кучайтирилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА