Наманганда кучли таъсир қилувчи дори воситалари фош этилди
Наманган вилоят божхона бошқармасининг контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.
Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан шубҳа остига олинган шахслардан бирининг хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада хорижда ишлаб чиқарилган, аммо сифати ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи бирор ҳужжати бўлмаган 29 турдаги 37 минг 320 қути кучли таъсир қилувчи дори воситалари қонунга хилоф равишда сақланаётгани фош бўлди. Фақатгина шу эмас, бу хонадонда 31 минг 800 дона капсула кўринишидаги “Габапентин Канон” дори воситаси борлиги ҳам аниқланди.
Вилоят божхона бошқармаси масъул ходими Анастасия Атаханованинг маълум қилишича, “Габапентин” алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган бўлиб, унинг ҳаттоки 10 грамм миқдори ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, республикамиз ҳудудига ноқонуний йўллар билан олиб кирилган ушбу дори воситаларининг умумий қиймати 2 миллиард сўмни ташкил этди.
Ҳозир ушбу ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА