Муносабатларнинг янги даражаси
Фарғонада “Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон” дўстлик форуми бўлиб ўтмоқда. Унинг ишида сиёсатчи, депутат, жамоат фаоллари иштирок этишяпти. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмита раиси Гулрух Агзамова форум ҳақидаги таассурот ва фикрлари билан ўртоқлашди.
– Бугун шуни мамнуният билан таъкидлаш лозимки, Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди ва, аввало, унинг асосий йўналишлари ва истиқболлари ҳақида айтмоқчиман.
Биринчидан, тарихий ва маданий яқинлик.
Дарҳақиқат, Марказий Осиё халқлари ва Озарбайжонни минг йиллик тарих, умумий тил илдизлари, маданий ва маънавий қадриятлар бирлаштириб туради.

Туркий дунё доирасидаги ҳамжиҳатлик бугунги интеграция жараёнларининг муҳим асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Бу муштараклик давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлашда ишончли замин яратади.
Иккинчидан, янги сиёсий мулоқот ва стратегик шериклик йўналиши.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда минтақада очиқлик ва ўзаро ишончга асосланган сиёсий муҳит шаклланди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам учрашувлари, шунингдек, Озарбайжон билан икки ва кўп томонлама мулоқотлар янги босқичга кўтарилди. Бу жараёнларда стратегик шериклик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойиллари устувор аҳамият касб этмоқда.
Учинчидан, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кенгайиши.
Савдо айланмаси ҳажмини ошириш, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва янги бозорларга чиқиш масалалари устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Озарбайжон орқали Европа бозорларига чиқиш имкониятлари Марказий Осиё давлатлари учун муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида ҳам ҳамкорлик кенгаймоқда.
Тўртинчидан, транспорт ва логистика йўналиши.
Маълумки, Транкаспий халқаро транспорт йўлаги (Middle Corridor) доирасидаги ҳамкорлик бугунги кунда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ушбу йўлак орқали юк ташиш ҳажмини ошириш, вақт ва харажатларни камайтириш, шунингдек, минтақани глобал логистика тизимига интеграциялаш имконияти пайдо бўлмоқда.
Бу эса Марказий Осиё ва Озарбайжонни стратегик транзит ҳудудга айлантирмоқда.
Бешинчидан, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик
Энергетика – ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидан бири.
Каспий денгизи ресурсларидан самарали фойдаланиш, нефть-газ лойиҳалари ва қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича ҳамкорлик истиқболли ҳисобланади.
Бу нафақат иқтисодий манфаат, балки энергетик хавфсизликни таъминлашда ҳам муҳим омилдир.
Олтинчидан, маданий-гуманитар алоқалар йўналиши.
Таълим, фан, маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик халқлар ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамламоқда.
Талабалар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқотлар ва маданий тадбирлар ўзаро тушуниш ва ишончни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар янги сифат босқичига чиқди.
Бу ҳамкорлик ўзаро манфаатдорлик, ишонч ва стратегик мақсадлар асосида изчил ривожланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, “Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон дўстлигининг янги даври” мавзуси нафақат долзарб, балки келажак тараққиёти учун стратегик аҳамиятга эгадир.
Фарғонадаги форум ва бизнинг ундаги мулоқотларимиз, фикр алмашинувларимиз мазкур ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деган умиддаман.
ЎзА мухбири
М.Обидов ёзиб олди.