
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан февраль ойида давлат идоралари ва тижорат банкларига ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича янги ҳамкорлик тизими йўлга қўйилган эди. Айни шу тизим сабаб бугунги кунда Бухоро вилоятида 91 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлиги таъминланди.
Пешку тумани Боғимусо маҳалласида яшовчи 21 ёшли Нурмуҳаммад Убайдуллаев 2-гуруҳ ногирони. Ҳозирда ҳам ўқиб, ҳам ишлаяпти. Айни дамда Бухоро давлат университетининг 3-босқич талабаси бўлган Нурмуҳаммад туман Микрокредитбанк бўлимида Кредитларни бошқариш ва мониторинг шўбаси 1-тоифали мутахассиси лавозимида ишламоқда.

– Мутахассислигим бўйича ишга кирдим, – дейди Нурмуҳаммад Убайдуллаев. – “Инсон” маркази ходимлари ҳужжатларимни vacancy.argoz.uz орқали топширишга кўмаклашди. Суҳбатдан ўтдим. Ишимдан мамнунман. Ногиронлик нафақамга қўшимча равишда олаётган маошим оиламнинг моддий таъминоти янада яхшиланишига хизмат қилди.

Маълумот учун, бугунги кунда Бухоро вилоятида 330 дан зиёд бўш иш ўрни эълон қилинган. 1301 нафар ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ариза топширилган. 631 нафар фуқаро билан суҳбатлашилган.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.