“Миришкор баҳори” – сафари ва гастро туризм уйғунлиги намоён этилган фестиваль (+видео)
Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани ҳудудида жойлашган Ачинкўл масканида “Миришкор баҳори”, “Сафари ва гастро” туризм фестивали ўтказилди.
Мазкур тадбир ҳудуднинг бой табиий салоҳияти, миллий анъаналари ҳамда замонавий туризм йўналишларини ўзида мужассам этган ҳолда, меҳмонларга бетакрор таассуротлар улашди.
Фестивални ташкил этишдан асосий мақсад Қашқадарё вилоятининг туризм имкониятларини янада кенг тарғиб қилиш, хусусан, сафари, экологик, экстремал ва қишлоқ туризми йўналишларини ривожлантириш, маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар оқимини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудудга инвестициялар жалб этишдан иборат.
Тадбир доирасида турли маданий ва кўнгилочар дастурлар намойиш этилди. Жумладан, сафари дастури доирасида багги, квадроцикл ва мототехника воситалари иштирокида экстремал чиқишлар ташкил этилиб, иштирокчиларга саргузашт туризмини бевосита ҳис этиш имконияти яратилди. Шунингдек, туяда сайр қилиш ва унинг сутидан татиб кўриш имкони ҳам тақдим этилди.
[gallery-28581]
– Тадбирдан кўзланган мақсад айнан битта туманни танлаб, унинг туризм имкониятларини аниқлаб, ўша йўналишга урғу берган ҳолда ҳудудга мос туризмни ривожлантириш, – дейди вилоят туризм бошқармаси бош мутахассиси Дилфуза Алиева. – Шу мақсадда Миришкор туманини танлаб олдик. Тумандаги Ачинкўл ва унинг атрофида чўл, ёввойи табиат сафари туризми учун жуда қулай. Туризмнинг кенг турларини қамраб олиш имкони мавжуд. Айнан бугунги фестивалда сафари туризми имкониятларини намоён қилишни мақсад қилганмиз. Бунга қўшимча равишда меҳмонлар учун миллий таомлар тайёрлаш, яъни гастротуризмни ҳам ривожлантирса бўлади. Бу каби тадбирлар хорижий ва маҳаллий туристлар сонини ошишига хизмат қилади. Қўшимча иш ўринлари яратилади.
Фестиваль доирасида ҳунармандчилик кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда миллий ҳунармандлар томонидан тайёрланган ноёб қўл меҳнати маҳсулотлари намойиш қилиниб, меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Гастрономик йўналиш фестивалнинг ажралмас қисмига айланди. Миллий таомлар, табиий маҳсулотлар, шу жумладан, туя сути ва ундан тайёрланган маҳсулотлар кенг тақдим этилди. Очиқ ҳавода ташкил этилган пикник зонаси иштирокчиларга табиат қўйнида мазмунли дам олиш имконини тақдим этди.
Шу билан бирга, фестиваль доирасида балиқ овлаш мусобақалари, варрак учириш тадбирлари, мусиқий чиқишлар ва интерактив дастурлар ўтказилиб, тадбирнинг мазмун-моҳиятини янада бойитди. Махсус ташкил этилган инфотур орқали иштирокчилар ҳудуднинг туризм салоҳияти, мавжуд инфратузилмаси ва истиқболли лойиҳалари билан яқиндан танишди.
Мазкур фестивалда туризм соҳаси вакиллари, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, инвесторлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, ҳунармандлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
– Мен Миришкор тумани, Янги Миришкор шаҳарчасидаги 38-мактабда ўқитувчи сифатида фаолият юритаман, – дейди Чаликкандий Ашкар (Ҳиндистон). – Бу жой жуда гўзал ва меҳр-оқибат муҳитига эга. Директорим жаноб Шокир ва ҳамкасбим жаноб Шерзод билан бирга келдик ва бу ерда ажойиб вақт ўтказяпмиз. Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари каби бу мактаб ҳам ижобий таассурот қолдирди. Ҳар бир киши бу ерга ташриф буюрса, менинг фикримга қўшилади. Барча ҳамкасбларим ва Қашқадарё аҳлига миннатдорчилик билдираман.
Таъкидлаш жоиз, ушбу фестиваль нафақат кўнгилочар тадбир, балки ҳудуднинг иқтисодий ва туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи муҳим майдон сифатида аҳамият касб этди. Шу орқали Қашқадарё вилоятининг халқаро туризм харитасидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Y1T7dfpMrjo" title="“Mirishkor bahori” – safari va gastro turizm uyg‘unligi namoyon etilgan festival" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари