“Миллий саноат занжири” кўргазмаси
Жиззахда 29-30 сентябрь кунлари автомобилсозлик саноати соҳасидаги “Миллий саноат занжири” кўргазмаси ўтказилмоқда. Тадбирнинг асосий мақсади – маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги кооперация алоқаларини йўлга қўйиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш ва автомобилсозлик тармоғида маҳаллий корхоналар иштирокини янада кенгайтириш.
Кўргазманинг Жиззахда ўтказилиши бежиз эмас. Кейинги йилларда вилоят иқтисодиётида саноат, хусусан, автомобилсозлик муҳим ўсиш нуқтасига айланди. Тўқимачилик, қурилиш материаллари, электротехника, озиқ-овқат саноати билан бир қаторда автомобилсозлик ҳам ҳудуд саноатининг асосий тармоқларидан бири сифатида шаклланди.
Кўргазманинг очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев саноат кооперациясини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва миллий корхоналар ўртасида барқарор ҳамкорлик занжирини шакллантириш бугунги иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан эканини таъкидлади.
Вилоятда саноатни янада ривожлантириш мақсадида янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жорий йил якунига қадар вилоятга 2,7 млрд доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилган. Бу маблағлар ҳисобига янги корхоналар ташкил этилиши, иш ўринлари яратилиши ва ишлаб чиқариш ҳажмлари кенгайтирилиши кўзда тутилган.
Бугун “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси вилоят саноатини ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда. Зона маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича республикада учинчи, экспорт ҳажми бўйича олтинчи ўринда туради. Бу ерда 33 та лойиҳа амалга оширилиб, 7 мингдан ортиқ юртдошларимиз меҳнат қилмоқда.
Автомобилсозлик соҳасининг йирик корхоналаридан бири – “ADM Jizzakh” заводида Kia, Chery, Haval ва бошқа брендлар остида автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур корхона мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқарилган товар сертификатини олган илк автомобил ишлаб чиқарувчи ҳисобланади ва ички бозорнинг қарийб 12 фоизини эгаллайди. Заводда 4 500 нафардан ортиқ юртдошимиз меҳнат қилмоқда.
Корхонада ишлаб чиқаришни чуқурлаштириш бўйича ҳам ишлар жадал давом этмоқда. 2026 йил апрель ойида Kia K3 русумидаги автомобилни CKD технологияси асосида ишлаб чиқариш бошланди. Айни пайтда штамплаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғиш жараёнларини қамраб олган тўлиқ ишлаб чиқариш циклини ўзлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Жами 972 турдаги бутловчи ва эҳтиёт қисмдан 348 турини маҳаллийлаштириш ҳамда мамлакатимиздаги ўнлаб корхоналар билан кооперацияни кенгайтириш бўйича ишлар давом этмоқда. Бундан ташқари, электромобиль ва гибрид автомобилларни ишлаб чиқарувчи янги энергия манбалари (NEV) заводи қурилиши бошланди.
“BYD Uzbekistan Factory” заводида ҳам электромобиль ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бу “BYD” брендининг Хитойдан ташқаридаги илк ва ягона қўшма корхонаси. 2025 йилда вилоятда 65 мингдан ортиқ енгил автомобиллар ишлаб чиқарилди.
[gallery-31691]
Бироқ замонавий автомобилсозлик фақат тайёр автомобиль ишлаб чиқариш билан чекланмайди. У металл, пластмасса, резина, электр жиҳозлари, автоэлектроника ва бошқа кўплаб бутловчи қисмларни етказиб берувчи корхоналарнинг яхлит саноат занжирини қамраб олади. Шу боис маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни йирик саноат корхоналари билан боғлаш, кооперация алоқаларини кенгайтириш ва янги буюртмалар шакллантириш муҳим вазифадир.
“Йўл харитаси”га мувофиқ, мамлакатимизнинг 14 та ҳудудидан автомобилсозлик тизими корхоналарига 5029 турдаги маҳсулот бўйича хизмат кўрсатаётган 361 та маҳаллий етказиб берувчи корхона таҳлил қилинган. Улар орасида автомобиль компонентлари, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, электр жиҳозлари, пластмасса ва резина буюмлар, металл ҳамда қуйма деталлар ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд.
Кўргазма доирасида ана шу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни автомобилсозлик тармоғидаги йирик корхоналар билан тўғридан-тўғри боғлаш, янги буюртмаларни шакллантириш ва кооперация лойиҳаларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда импорт қилинаётган эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ҳамда агрегатларни маҳаллийлаштириш имкониятлари муҳокама қилиниб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан “офтейк” шартномалар ва меморандумлар тузиш режалаштирилган.
Бу жараёнда электрон кооперация механизмлари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари, уларнинг техник тавсифлари ва сифат кўрсаткичларини электрон кооперация порталига жойлаштириш буюртмачи ва ишлаб чиқарувчи ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Маҳаллийлаштириш билан бир қаторда маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Кўргазмада сертификатлаштириш, сифат стандартларини жорий этиш ва давлат харидларида иштирок этиш бўйича амалий кўмак кўрсатувчи ташкилотлар ҳам иштирок этмоқда.
Автомобилсозликнинг барқарор ривожи замонавий технологиялар билан бирга малакали кадрлар тайёрлаш тизимига ҳам боғлиқ. Шу боис кўргазма доирасида олий таълим муассасалари ва техникумлар билан таълим ҳамда дуал таълим дастурлари бўйича ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Тадбирда электромобиль компонентлари, аккумулятор тизимлари, енгил материаллар, автоэлектроника, илмий-тадқиқот ишланмалари ва саноат стартаплари намойиш этилмоқда.
Кўргазманинг биринчи куни иштирокчилар ва меҳмонлар Жиззах эркин иқтисодий зонасидаги йирик автомобилсозлик корхоналари фаолияти билан танишдилар. Тадбир доирасида йирик корхоналар, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар ўртасида кооперация алоқаларини ўрнатиш, импорт қилинадиган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ҳамда кооперация ва субпудрат алоқаларини йўлга қўйиш бўйича B2B ва B2G музокаралари ўтказилмоқда.
Шу жиҳатдан, “Миллий саноат занжири” кўргазмаси маҳсулотлар намойишидан кўра кенгроқ вазифани бажаради. Унинг асосий мазмуни маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва йирик буюртмачини бир майдонда учраштириш, янги буюртмалар ва ҳамкорлик йўналишларини белгилаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш учун амалий асос яратишдан иборат.
Автомобилсозликда миллий саноат занжирининг мустаҳкамланиши эса, аввало, маҳаллий корхоналарнинг технологик салоҳияти, маҳсулот сифати ва йирик ишлаб чиқарувчилар билан барқарор кооперациясига боғлиқ. Жиззахдаги мазкур кўргазма ана шу жараёнларни бир майдонда бирлаштириб, тармоқнинг кейинги ривожи учун янги имкониятларни белгилаб бермоқда.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари