Миллий ҳунар — авлодлар мероси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қўлда яратилган ҳар бир ҳунармандчилик буюмида миллий руҳ, тарих ва авлодлар хотираси мужассам. Айниқса, устоздан шогирдга ўтиб келаётган қадимий ҳунарларни асраб-авайлаш халқнинг бой маданий меросини сақлаш ва келгуси авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай туманида яшовчи Назарбой Қадиримбетов ана шундай эзгу мақсад йўлида меҳнат қилаётган моҳир ҳунармандлардан.
Унинг қўлида оддий ёғоч миллий мусиқа асбобларига айланиб, ўзидан бетакрор оҳанг таратади. Дутор, қўбиз, ғижжак, най ва чинқўбиз каби чолғу асбобларининг ҳар бирига уста йиллар давомида орттирган тажрибаси, нозик диди ва миллий ҳунарга бўлган меҳрини сингдирган.
Айни пайтда ҳунарманд ўз тажрибасини ёш авлод билан баҳам кўришга алоҳида эътибор қаратяпти. У тумандаги болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқувчи-ёшларга миллий чолғу асбобларини ясаш, уларга ишлов бериш ва бу жараёндаги нозик жиҳатларни ўргатиб келмоқда.
– Дутор, қўбиз, ғижжак, най, чинқўбиз каби миллий мусиқа асбобларини ясашни марҳум устозим Озод Отарбоевдан ўрганганман, - дейди ҳунарманд Назарбой Қадиримбетов. – Мен ҳам ўз навбатида билганларимни ёшларга ўргатяпман. Бугунги кунда бу ҳунар билан шуғулланадиган усталар жуда кам. Ёшлар уни пухта ўрганса, аждодлардан мерос бўлиб келаётган анъаналаримиз узлуксиз давом этади.
Назарбой устанинг ижодий изланишлари миллий чолғу асбоблари ясаш билан чекланиб қолмаган. У ёғочдан турли сувенирлар, шунингдек, кемалар макетларини тайёрлашни ҳам йўлга қўйган. Нозик дид ва юксак маҳорат билан ишланган бу буюмлар миллий ҳунармандчиликнинг ўзига хос намуналари сифатида эътироф этилмоқда.
[gallery-31551]
Ҳунарманднинг кўп йиллик самарали меҳнати, миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ва уни ёшларга ўргатиш борасидаги фидойилиги муносиб тақдирланган. У 2024 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори билан «Ватан фидойиси» кўкрак нишони билан мукофотланган.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА