Миллий ғурур ва тарихий хотирани уйғотган премьера (+видео)
Миллий гвардия томонидан ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, тарихий меросга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш ҳамда миллий кино санъатини қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг қамровли маданий тадбир ташкил этилди.
Миллий гвардия қўмондонлиги бошчилигида ҳарбий хизматчилар, “Темурбеклар мактаби” ҳамда Ҳарбий мусиқа академик лицейлари ўқувчилари, шунингдек Жамоат хавфсизлиги университети курсантлари тарихий-бадиий фильм — "Амир Темур" премьерасида иштирок этди.
Мазкур фильм буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур ҳаётининг мураккаб ва синовларга бой даврларини бадиий талқин этади. Унда, айниқса, сиёсий беқарорлик ҳукм сурган шароитда унинг етакчилик сари йўли, мардонавор курашлари ва тарихий қарорлари чуқур ёритилган. Картина XIV аср ўрталарида, Мўғуллар империясининг парчаланиши ортидан юзага келган мураккаб жараёнлар фонида ривожланади.
Премьера намойиши Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида бўлиб ўтди. Унда соҳа мутахассислари, кино ижодкорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида Миллий гвардия ҳамда Кинематография агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқaётгани алоҳида таъкидланди.
Фильм намойиши ёш ҳарбийлар ва курсантларда катта таассурот қолдирди. Улар буюк аждодимизнинг жасорати, стратегик тафаккури ва Ватан равнақи йўлидаги фидокорона хизматларидан илҳом олди. Айниқса, “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари учун мазкур премьера нафақат маданий ҳордиқ, балки ҳақиқий тарихий сабоқ бўлди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу кино асари халқаро миқёсда ҳам катта эътирофга сазовор бўлиб, унинг намойиш ҳуқуқлари дунёнинг 120 дан ортиқ мамлакатларига сотилган. Бу эса миллий кино санъатининг нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради.
Мазкур тадбир Миллий гвардия тизимидаги ёшлар, ҳарбий хизматчилар ва курсантларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, уларда миллий ғурур ва тарихий хотирага ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/tFu0IrcOvKc?si=NsjW4fZabxN5W9-7" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
У.Тўхтаев (монтаж),
ЎзА