Меҳр бор жойда — умид бор
Ҳаёт синовлари олдида ёрдам ва қўллаб-қувватлашга муҳтож оилалар учун ижтимоий хизматнинг ўз вақтида ва манзилли кўрсатилиши нафақат моддий кўмак, балки эртанги кунга ишонч бағишлайди.
Бугун мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимини инсон манфаатларига янада яқинлаштириш, ҳар бир оиланинг эҳтиёжини индивидуал ўрганиш, ёрдамга муҳтож инсонларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Ромитан туманидаги “Боғча” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини ўрганиш, муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Маҳаллада 4021 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улар орасида 77 нафар ногиронлиги бўлган шахс бор. 46 та оила “Ижтимоий реестр”га киритилган.
Шу боис маҳалла ижтимоий ходими Зарина Жўраева томонидан алоҳида эътибор ва кўмакка муҳтож фуқаролар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилган. Бу ёндашувнинг моҳияти ҳам шунда — инсонни умумий рўйхатдаги рақам сифатида эмас, балки ўз эҳтиёж ва муаммосига эга шахс сифатида кўриш.
Маҳаллада алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган 3 нафар бола инклюзив таълимга жалб этилган. Бу эса болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, уларни тенгдошлари орасида камол топтириш ва жамиятга тўлақонли интеграция қилиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Шунингдек, 13 нафар эҳтиёжманд шахс протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминланган. Ўзгалар парваришига муҳтож 1 нафар фуқаро “Фаол ҳаётга қадам” дастурига қамраб олинган.
Маҳалладаги ижтимоий ишларнинг ҳақиқий самарасини Ирода Халилова ҳаёти мисолида янада яққол кўриш мумкин.
II гуруҳ ногиронлиги бўлган, бир нафар фарзандни тарбиялаётган Ирода опа оғир касаллик туфайли узоқ муддат даволанишга муҳтож эди. Бундай вазиятда касалликнинг ўзи билан бир қаторда даволаниш харажатлари, дори-дармон ва фарзанд тарбияси билан боғлиқ ташвишлар ҳам инсон зиммасига оғир юк бўлиб тушиши табиий.
Ирода опанинг даволаниши учун моддий ёрдам ажратилди, дори-дармон билан таъминланди. “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан фарзанди учун кийим-кечак олиб берилди. Қизининг шартнома тўлови эса реферал хизмат асосида тўлаб берилди. Бугун ана шу амалий кўмаклар натижасида Ирода опанинг саломатлиги анча яхшиланган.
Бугун ижтимоий ходимнинг вазифаси фақат ариза қабул қилиш ёки маълумот тўплашдан иборат эмас. У инсоннинг ҳолидан хабар олади, муаммонинг сабабини ўрганади, мавжуд имкониятларни излайди ва тегишли хизматлар билан боғлайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири