МДҲ ва ШҲТ рақамли таҳдидларга қарши ягона ёндашувни илгари сурмоқда
Самарқандда бўлиб ўтаётган «Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс» биринчи экспертлик мулоқотида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Бош котиби ўринбосари Нурлан Сейтимов нутқ сўзлади.
МДҲ Бош котиби ўринбосари ўз чиқишида рақамли таҳдидларни баҳолаш ва уларни бартараф этиш борасида МДҲ ҳамда ШҲТ ягона ёндашувга эга эканини ва бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчил мувофиқлаштирилаётганини таъкидлади. Жумладан, жорий йилнинг сентябрь ойида Минск шаҳрида ўтказилган қўшма Контртеррористик форум ва аксилтеррор машғулотларини мисол тариқасида келтириб ўтди.
Таъкидланганидек, бундай тадбирлар Евроосиё маконида глобал рақамли таҳдидларга муносиб жавоб бера оладиган ягона ва яхлит хавфсизлик тизими шаклланаётганидан далолат беради.
Нурлан Сейтимов ушбу соҳада ягона ҳуқуқий стандартларни яратишга, жумладан, экстремистик ресурсларни блоклаш, шубҳали криптооперацияларни аниқлаш, киберхавфсизлик, молиявий мониторинг, чегара назорати ва криминалистика каби йўналишларда сунъий интеллект технологиялари имкониятларидан фойдаланишга чақирди.
—Самарали хавфсизлик тизимини ҳуқуқий мезонларимизни ўзаро мувофиқлаштирган ҳолдагина барпо эта оламиз, — деди МДҲ Бош котиби ўринбосари.
ЎзА