МДҲ Парламентлараро ассамблеяси кўп томонлама мулоқотни янада ривожлантиради
Туркманистоннинг Аваза шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Парламентлараро ассамблеяси (ПА) тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Унда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
МДҲ ПА Кенгашининг йиғилишида парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Ҳамдўстлик доирасидаги кўп томонлама мулоқотни ривожлантириш ҳамда Ассамблеянинг келгуси фаолиятига доир муҳим масалалар муҳокама қилинди. МДҲ ПА Кенгаши Раисини сайлаш жараёни Сенат Раиси раҳбарлигида ўтди. Овоз бериш якунларига асосан Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко навбатдаги бир йиллик муддатга ПА Кенгаши Раиси этиб сайланди.

Йиғилишда парламентлараро ҳамкорликнинг институционал асосларини кенгайтиришга қаратилган муҳим қарор ҳам қабул қилинди. Хусусан, Туркманистон Мажлисига МДҲ ПА ҳузурида кузатувчи мақоми берилди. ПА ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар дастури ҳамда 2027 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди. Кейинги йилда XII Нева халқаро экология конгресси, V Евроосиё хотин-қизлар форуми, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш масалаларига бағишланган халқаро конференция ва бошқа қатор нуфузли тадбирларни ўтказиш режалаштирилмоқда.

Болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, ёш авлод ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари ҳам эътибор марказида бўлди. «Ҳамдўстлик болалари» XI халқаро форуми якунлари сарҳисоб қилиниб, навбатдаги форумни 2027 йилда Қозоғистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА