МДҲ маконида Ўзбекистоннинг кўп томонлама маданий дипломатияси
Ўзбекистон МДҲ ташкил топгандан буён аъзо давлатлар билан турли йўналишларда самарали ҳамкорлик қилиб, икки ва кўп томонлама алоқаларни фаол ривожлантириб келмоқда.
Айниқса, сўнги йилларда мамлакатимиз МДҲ давлатлари билан маданий алоқаларни юксак даражага олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Зеро, маданий мулоқот халқларни бир-бирига яқинлаштирадиган, ўзаро тушуниш ва ҳурматни мустаҳкамлайдиган муҳим омилдир. МДҲ давлатлари тарихан, маданий ва маънавий жиҳатдан бир-бирига яқин бўлгани учун мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун кенг имконият мавжуд.
ЎзА мухбири МДҲ маконида Ўзбекистонинг кўп томонлама маданий дипломатияси, стратегик ёндашув ва амалий натижалар хусусида Тошкент давлат шарқшунослик университети “Халқаро муносабатлар” кафедраси катта ўқитувчиси Маъмурахон Асрорхўжаева билан суҳбатлашди.
– Айтингчи, МДҲ давлатлари учун маданий мулоқот қай даражада муҳим ва бугунги кунда ушбу алоқлар қандай ривожланяпти?
– Дарҳақиқат, халқаро муносабатларнинг ниҳоятда мураккаб даврида, ўзаро ишонч емирилиши кузатилаётган шароитда кўп томонлама маданий дипломатия давлатлар ҳамкорлигини мустаҳкамловчи жуда муҳим омилга айланмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги маконида маданий ҳамкорликни ривожлантиришни ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб, сўнгги йилларда ушбу йўналишда тизимли ва мақсадли фаолият олиб боряпти. Бу жараён кўп томонлама маданий дипломатияни кучайтириш, миллий маданиятни халқаро майдонда илгари суриш ва минтақавий гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси очилиш маросимидаги нутқида таъкидлаганидек, “Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида уйғунлик кўприги, барча учун очиқ ва конструктив ҳамкорлик майдони бўлишга ҳамиша тайёр”.
Умуман, республикамизнинг МДҲ доирасидаги маданий дипломатияси фақат анъанавий маданий алмашинув билан чекланиб қолмай, институционал ва стратегик ёндашув асосида ҳам ривожланмоқда.
– Мамлакатимиз МДҲ давлатлари билан маданий алоқаларни кенгайтириш йўлида қандай ишлар амалга оширмоқда?
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон МДҲ давлатлари билан маданий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида қатор йирик тадбирларга мезбонлик қилди. Хусусан, Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган нуфузли анжуманлар, Бухоро ва Хивада ташкил этилаётган маданият кунлари, шунингдек “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ва бошқа тадбирлар минтақалараро маданий алоқани мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
“МДҲ маданий пойтахти” лойиҳаси ҳам маданий ҳамкорликнинг янги формати сифатида эътиборга молик. Мазкур ташаббус доирасида турли мамлакатларда миллий маданиятни намойиш этиш, ижодий алмашинувни ривожлантириш ва маданий туризмни рағбатлантириш имконияти кенгаймоқда. Масалан, 2024 йил Самарқанд шаҳри МДҲ маданий пойтахти мақомида аъзо мамлакатлар халқлари ўртасидаги дўстлик ва яқин ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб маданий-маърифий тадбирларга мезбонлик қилди.
Маданий ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши – ижодий индустрия. Яъни, театр ва кино соҳасида қўшма лойиҳалар, мусиқий фестиваллар ва гастроль сафарлари орқали маданий алмашинувнинг амалий механизми шаклланмоқда. Бу жараён, ўз навбатида, миллий маданиятларни ўзаро бойитиш ва янги ижодий ғояларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, Маданият вазирлиги томонидан мунтазам равишда МДҲ давлатлари билан алоқани ривожлантиришга қаратилган қўшма дастурлар, форумлар ва конференциялар ташкил этилмоқда.
Табиийки, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳам фаол ривожланяпти. Жумладан, ЮНЕСКО билан ҳамкорлик доирасида маданий меросни муҳофаза қилиш ва тарғиб этишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга ошириляпти. Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО тадбирлари ўтказилиши эса мамлакатимизнинг халқаро маданий марказ сифатидаги нуфузини янада оширди. БМТнинг ушбу тузилмаси номоддий мероси Репрезентатив рўйхатига МДҲ давлатлари билан қўшма номзодлар тақдим қилинмоқда. Маданий ҳамкорлик кучайиши МДҲ маконида интеграция жараёнини рағбатлантиради. Хусусан, гуманитар соҳадаги яқинлашув ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва иқтисодий ҳамкорлик учун қулай муҳит яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Демак, маданий дипломатия нафақат маданий алоқаларни ривожлантириш, балки кенг маънода минтақавий барқарорликни таъминлаш воситаси ўлароқ намоён бўлмоқда. Ўзбекистон эса ушбу жараёнда фаол ташаббускор сифатида танилиб улгурди.
– Мазкур давлатлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантириш учун қандай янги лойиҳалар таклиф қилган бўлар эдингиз?
– Ҳозир МДҲ доирасида санъат, кино, театр ва мусиқа соҳаларидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Турли фестиваллар, кўргазмалар ва маданий тадбирлар халқлар ўртасидаги дўстликни кучайтиради.
Маданий мулоқотни янада ривожлантириш учун халқаро фестивалларни кўпайтириш, ёшлар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш, туризмни ривожлантириш орқали халқларни яқинлаштириш, онлайн маданий лойиҳалар ташкил этиш сингари қатор таклифларни илгари суриш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг МДҲ маконидаги маданий фаолияти институционал асосга эга, стратегик мақсадга йўналтирилган ва амалий натижа билан мустаҳкамланган жараён сифатида намоён бўлмоқда. 35 йилни қаршилаган бу ҳамкорлик мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, миллий маданиятни глобал даражада танитиш ва минтақада барқарор гуманитар макон шакллантиришга хизмат қилади.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова суҳбатлашди.