Матбуот киоскасини ноқонуний олиб ташлаган ҳоким ўринбосари жавобгарликка тортилди
Газета-журналлар сотиладиган нуқталар — матбуот киоскалари жамиятда муҳим ижтимоий ва ахборот вазифаларини бажаради. Аҳолига газета, журнал ва бошқа босма нашрларни тез ва қулай тарзда етказиб беришда, одамларнинг кундалик янгиликлардан хабардор бўлишида муҳим ўрин тутади. Одатда бундай киоскалар кўчаларда, бекатларда, бозорларда жойлашган бўлиб, одамлар учун осон етиб бориш имконини беради.
Шу йилнинг 21 февраль куни Мирзо Улуғбек туман ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари “Буюк ипак йўли” метро бекати чиқиш жойидаги матбуот киоскасини ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб ташлаган.
“Матбуот тарқатувчи” АЖ Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигининг ушбу хатти-ҳаракатидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Ҳолат Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилди ва матбуот киоскаси олиб ташлангани тасдиқланди.
Қонунчиликка кўра, давлат органи мансабдор шахси томонидан хусусий мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш ёки мулкни олиб қўйиш БҲМнинг 40 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шундан келиб чиқиб, мазкур ҳолат юзасидан туман ҳокими ўринбосарига нисбатан МЖтКнинг 241-1-моддаси (Хусусий мулк ҳуқуқини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жаримага тортилди.
Матбуот киоскалари жамиятда ахборот тарқатиш, маданий ривожланиш ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади. Шундай экан, уларнинг фаолиятини чеклаш эмас, балки қўллаб-қувватлаш алоҳида аҳамият касб этади.
М.Комилова,
ЎзА