Марказий Осиё давлатлари сув муаммосини ҳамкорликда ҳал этади
Марказий Осиё шароитида сув танқислиги муаммосини ечса бўладими? Минтақа тоғли ҳудудларда жойлашган музликлардан қандай фойдалана олади? Табиийки, бу саволлар сўнгги йилларда бутун минтақамиз, жумладан ўзбекистонликларни ҳам чуқур ўйлантирмоқда. Душанбе шаҳрида жорий йил 25-28 май кунлари бўлиб ўтадиган “Барқарор ривожланиш учун сув” юқори даражадаги 4-халқаро конференцияси ташкилотчиларининг мақсади ҳам айнан юқоридаги саволларга жавоб топиш.
Тожикистон Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонасида дипломатик корпус вакиллари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказилган брифингда мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилди.
– Анжумандан кўзланган мақсад – сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш каби долзарб масалаларни кўплаб давлатлардан келадиган етакчи мутахассислар, халқаро молиявий институтлар экспертлари, сув дипломатияси вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари иштирокида муҳокама қилиш, – дейди мазкур қардош мамлакатнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Насриддин Исматулло. – БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2018-2028 йиллар учун эълон қилинган Халқаро ўн йиллик ҳаракатлар доирасида ўтказиладиган “Барқарор ривожланиш учун сув” конференциясида Тўртинчи якуний декларация ҳам қабул қилинади.
Дипломатнинг фикрига кўра, минтақамиздаги сув муаммоларини биргаликда, барча томонлар манфаатини инобатга олган ҳолда амалга ошириладиган саъй-ҳаракатлар орқали бартараф этса бўлади.
Анжуман давомида Тожикистоннинг сув ресурсларини бошқариш тажрибасини ўрганиш, айни йўналишда жойларда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш ҳам режалаштирилган.
Ш. Салимов, ЎзА