Маърифат карвони Мирзаободда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида эришилган натижалар, халқимиз олдида турган устувор вазифалар ва келгуси тараққиётнинг муҳим йўналишлари баён этилди. Ана шу ғоя ва ташаббусларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Мирзаобод туманида «Бирлашиб, буюк тарих яратамиз» мавзусида «Маърифат карвони» илмий-маърифий семинари ўтказилди.
Тадбирда Гулистон давлат университети тарих кафедраси доценти Умрзоқ Алибеков, Сирдарё вилояти адлия бошқармасининг масъул ходими, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси Дилноза Умрзоқова ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими бош мутахассиси Валижон Тўйчиевлар иштирок этишди.
Семинарда корхона ва ташкилотларда маънавий-маърифий ишларга масъул ходимлар, умумтаълим мактабларининг директор ўринбосарлари қатнашишди. Унда Президент нутқида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларнинг бугунги ҳаётимиздаги аҳамияти, мустақиллик йилларида эришилган натижалар, Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнидаги ислоҳотлар, инсон қадрини юксалтириш ва халқ фаровонлигини оширишга қаратилган вазифалар хусусида фикр алмашилди.

Шунингдек, аҳоли турмуш даражасини ошириш, камбағалликни қисқартириш, таълим ва тиббиёт сифатини яхшилаш, ёшларга замонавий билим ва касб бериш каби масалаларга алоҳида урғу берилди. Бу вазифаларни амалга оширишда жамоатчиликнинг фаол иштироки ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш муҳим экани таъкидланди.
— Президентимиз маърузаси мазмунан уч қисмдан иборат: ўтмиш, бугунги кун ва келажак. Унда халқимизнинг уч минг йилдан зиёд давлатчилик тарихи, бой маданий мероси, бугунги тараққиёт йўли ва келгуси вазифалар ҳақида фикр юритилган. Айниқса, келажакка қаратилган еттита миллий дастурнинг қабул қилиниши мамлакатимиз тараққиётининг муҳим йўналишларини белгилаб беради. Мазкур нутқда Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби буюк алломаларнинг илмий мероси, Амир Темур даври давлатчилиги ва жадидларнинг миллий тараққиёт йўлидаги интилишлари тарихимизнинг муҳим саҳифалари сифатида тилга олинди. Тарғибот тадбирида ушбу фикрларнинг мазмун-моҳияти, тарихий меросни асраш, бугунги имкониятлардан самарали фойдаланиш ва юрт тараққиётига ҳисса қўшиш муҳимлиги ҳақида тушунчалар берилди, – деди Дилноза Умрзоқова.

Семинарда ёш авлод масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Замонавий билим ва касбий кўникмаларга эга, илм-фан ва инновацияларга интиладиган мутахассисларни тайёрлаш мамлакат тараққиётининг муҳим омили экани таъкидланди. Ёшларнинг иқтидори ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий касбларга йўналтириш долзарб вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Тадбир доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти олим ва тадқиқотчилари томонидан тайёрланган «Бирлашиб, буюк тарих яратамиз!» китоби ҳам таништирилди. Китобда Президент нутқида илгари сурилган ғоялар, миллий тарих, инсон қадри, ёшлар, илм-фан ва мамлакат тараққиётига оид масалалар илмий-маърифий нуқтаи назардан ёритилган.
Тадбир якунида нутқда илгари сурилган ғояларни жамоатчиликка мазмунли ва тушунарли тарзда етказиш, уларнинг ҳаётимиздаги амалий аҳамиятини очиб бериш ҳамда маънавий-маърифий ишларни янада мазмунли ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди. Зеро, «Бирлашиб, буюк тарих яратамиз» ғояси тарихий хотирани асраш билан бирга, бугунги авлоднинг мамлакат келажаги олдидаги масъулиятини ҳам англатади. Бу масъулият билим, меҳнат, ташаббус ва юрт тараққиётига дахлдорлик туйғусида намоён бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири