Маъмура Зоҳидованинг “Тўқилмаган эртаклари”
Таниқли адиба Маъмура Зоҳидова – дангал, ҳам қувноқ, жўшқин, ҳозиржавоб, аҳдидан қайтмайдиган ижодкор. Шунданми, маҳзун туйғулар унга гўё бегонадек. Бироқ унинг она меҳрига илҳақ армонли болалиги, мурғак қалбини тирнаган туйғуларини, самимиятга йўғрилган безовта ўй-фикрларини асарларидан топиш мумкин. Шундагина ижодкорнинг ёзганлари тўқилмаган, айни ҳақиқат эканига яна бир карра гувоҳ бўламиз.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биносида “Шарқ юлдузи” журнали ташаббуси билан замонавий ўзбек насрида яратилаётган янги роман ва қиссаларни таҳлил қилишга бағишланган навбатдаги адабий муҳокама бўлиб ўтди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари, адабиёт ихлосмандлари ҳамда барча қизиқувчилар ушбу адабий муҳокамага таклиф этилди.
Тадбир миллий адабиётимизда кечаётган ижодий жараёнларни тизимли ўрганиш, янги асарларнинг ғоявий-бадиий қимматини холис баҳолаш ҳамда ижодкорлар, адабиётшунослар ва ёш тадқиқотчилар ўртасида самарали мулоқот муҳитини шакллантиришни мақсад қилди.

Муҳокама марказида Маъмура Зоҳидованинг уч китобдан иборат “Тўқилмаган эртак” асари бўлди.
Ушбу асарда муаллиф томонидан инсон руҳияти, жамият ва шахс муносабатлари, замонавий ҳаёт муаммолари бадиий ифода этилган бўлиб, асарнинг сюжет қурилиши, образлар тизими, услубий ечимлари ва поэтикаси атрофлича таҳлил қилинади. Муаллиф юртимизда кечаётган ҳар бир жараёнларга ўзининг холис позициясини билдиради. Унинг теран, чуқур мушоҳадали, кенг қамровли фикрлари, фаол фуқаролик позицияси, ҳаётга ўзига хос қарашлари китобхонларни бефарқ қолдирмайди.
Шунингдек, асарнинг замонавий ўзбек насрида тутган ўрни ва аҳамияти юзасидан фикрлар билдирилди.
Муҳокамада таниқли адабиётшунос олимлар, устоз ижодкорлар иштирок этиб, асарнинг турли жиҳатлари юзасидан илмий асосланган маърузалар ва таҳлилий фикрлар билан қатнашди.
Шунингдек, тадбирда ёш адабиётшунослар, шоир ва ёзувчилар, ижодий жамоатчилик вакиллари ҳамда “Шарқ юлдузи” журнали қошидаги наср тўгараги аъзолари иштирок этиб, эркин фикр алмашиш, савол-жавоблар ва баҳс-мунозаралар ташкил этилди. Бу эса адабий муҳитда соғлом танқид ва ижодий фикрлар ривожига хизмат қилади.
“Шарқ юлдузи” журнали томонидан мунтазам равишда ўтказиб келинаётган бундай муҳокамалар замонавий ўзбек адабиётининг долзарб масалаларини ёритиш, истеъдодли ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва адабий жараённи янада фаоллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА