Мактаб кутубхонасига янги китоблар топширилди
Умумтаълим мактабларидаги шарт-шароитларни яхшилаш, ўқув жараёнини янада самарали ва замонавий асосда ташкил этиш, таълим тизимининг янги қиёфасини шакллантириш, ўқувчиларнинг иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишларига кўмаклашиш мақсадида “Юксалиш” ҳаракати томонидан “Зиёли келажак” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида мазкур лойиҳа доирасида “Юксалиш” ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан ҳомий ташкилотлар кўмагида ўзбек ёзувчилари ҳамда жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан иборат 42 номдаги 100 нусхага яқин бадиий китоблар Булоқбоши туманидаги 25- умумтаълим мактаби кутубхонасига топширилди.


Китобларни топширишга бағишланган тадбирда сўз олганлар бу каби хайрли ташаббуслар мамлакатимизда ёш авлодни билимли, юксак салоҳиятли бўлиб камол топишига яқиндан ёрдам беришини таъкидлади.

– Лойиҳа доирасида амалга оширилаётган хайрли ишлар, шубҳасиз, ёш авлоднинг билимли ва маърифатли бўлиб улғайишига хизмат қилади. Чунки китоб ўқиб улғайган бола келажак бунёдкори, жамият равнақининг таянчига айланади. “Зиёли келажак” лойиҳаси давлат ва хусусий тузилмалар, фуқаролик жамияти ҳамда кўнгиллиларни бирлаштириб, мамлакатимизда таълим тизимининг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Ушбу ташаббус юртимизнинг турли ҳудудларидаги мактабларда таълим сифати ва билим олиш имкониятларини кенгайтиришга ёрдам бермоқда, – дейди “Юксалиш” ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Диёрбек Турғунов.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.