Маҳмадсаид Шоҳиён: Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари янги олтин даврга кирди
Умумий тарих, маънавий қадриятлар бирлаштирган Ўзбекистон ва Тожикистон Буюк ипак йўлининг ўта муҳим бўғини – Марказий Осиёнинг икки муҳим давлатидир.
Бу икки қардош халқни биродарликнинг ўзига хос ришталари боғлаб туради. Асрлар мобайнида ёнма-ён, бир оила аъзоларидек, аҳил-иноқ яшаб келаётган ўзбек ва тожик хурсандчиликда ҳам, ғам булути соя ташлаганда ҳам доимо бирга бўлган. Содда қилиб айтганда, ўзбек ва тожик миллатини дуторнинг икки торига қиёслаш мумкин.
Маълумки, шу кунларда диёримизда “Тожикистон маданияти ва киноси кунлари” бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбирлар доирасида Тожикистон Республикаси маданият арбоби, “Тожикфильм” давлат муассасаси директори Маҳмадсаид Шоҳиён ЎзАга берган интервьюсида халқларимиз ўртасидаги тарихий яқинлик ва бугунги ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Унинг таъкидлашича, тожик ва ўзбек халқлари азал-азалдан бир ариқдан сув ичган, қувонч ва ташвишлари муштарак бўлган қардош халқлардир. Уларнинг урф-одатлари, қадриятлари ва ҳаёт тарзи бир-бирига жуда яқин бўлиб, бу эса ўзаро муносабатларнинг мустаҳкам пойдеворини ташкил этади. Маҳмадсаид Шоҳиён, шунингдек, икки халқни боғлаб турувчи энг муҳим жиҳатлардан бири бу – бой тарихий ва маънавий мерос эканини қайд этди. Хусусан, буюк мутафаккирлар Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ўртасидаги самимий дўстлик асрлар давомида халқларимиз ўртасидаги меҳр-оқибат ва ҳурмат рамзи бўлиб келаётганини таъкидлади.
Эътиборлиси, М.Шоҳиён ҳозирги кунда икки давлат ўртасидаги алоқалар янги олтин даврни бошдан кечираётганини алоҳида урғулади.
– Давлат раҳбарлари – Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати, ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорлиги туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар янада кенгайиб, янги имкониятлар очилмоқда, бу эса нафақат иқтисодий, балки маданий ва ижодий ҳамкорликни ҳам сезиларли даражада ривожлантирмоқда, -дея хулоса қилади у.
Фардона Яхшибоева, ЎзА