Маҳаллаларда аниқланган камчиликлар кенгашларда кўрилади ва масъуллардан аниқ чоралар талаб қилинади
Олий Мажлис Сенатида маҳаллий кенгаш депутатларининг ўз сайлов округларидаги маҳаллаларда аҳоли билан ишлашини янада кучайтириш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.
Унда депутатларнинг аҳоли билан бевосита мулоқотини йўлга қўйиш, муаммоларни жойида ўрганиш, уларнинг ечимига кўмаклашиш ҳамда белгиланган вазифалар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Семинар давомида Сенат томонидан Хоразм ва Навоий вилоятларида йўлга қўйилган амалий тизимни бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш, маҳаллий кенгаш депутатлари ва котибиятлари учун ишни ташкил этишнинг аниқ механизмлари юзасидан тақдимот ўтказилди.

Тадбирда депутатлик назоратини ташкил этишнинг амалий тартиби ҳам тушунтирилди. Маҳаллаларда аниқланган масалалар туман ва шаҳар кенгашлари муҳокамасига олиб чиқилиб, масъул ташкилотлардан аниқ чоралар ва натижалар талаб қилинади. Маҳаллий даражада ҳал этиш имконияти бўлмаган масалалар эса вилоят ва республика даражасига олиб чиқилади.
Депутатларга ўз сайлов округидаги маҳаллаларда аҳоли, “маҳалла еттилиги”, фаоллар ва масъул ташкилотлар билан мунтазам мулоқот олиб бориш, ишсизлик, даромад манбаининг йўқлиги, тадбиркорликни бошлашдаги тўсиқлар, ижтимоий масалалар ҳамда инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА