Лойиҳалар ижроси муҳокама қилинди
Сирдарё вилоятида инвестиция лойиҳаларининг ижроси ва уларнинг самарадорлиги яна бир бор таҳлил марказига чиқди. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов "Asaka Motors International" ҳамда "Yashil Ferma JV LLC" компаниялари вакиллари билан учрашиб, ҳудудда амалга оширилаётган йирик лойиҳаларнинг бугунги ҳолати, иш суръати ва долзарб масалаларни муҳокама қилди.
Мулоқотда, айниқса, Ховос туманида "OTP Bank Group" иштирокида амалга оширилаётган “Яшил ферма” паррандачилик комплексига алоҳида эътибор қаратилди. Қиймати 165 миллион доллар бўлган мазкур йирик лойиҳа ишга туширилгандан сўнг йилига 28 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқариш имконини беради. Бу нафақат бозордаги талабни қондириш, балки экспорт йўналишини кенгайтириш учун ҳам муҳим қадамдир.
Лойиҳанинг яна бир аҳамиятли жиҳати, қуввати 62,5 минг тонна бўлган замонавий озуқа ишлаб чиқариш корхонасининг барпо этилишидир. Бу эса тармоқда тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини шакллантиришга хизмат қилади. Энг муҳими, мазкур комплекс тўлиқ қувватда ишга туширилганда 500 нафардан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Учрашувда саноат соҳасидаги янгиликлар ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Сирдарё туманидаги "Asaka Motors" заводида янги “WULING N111” автомобилини ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани қайд этилди. Етти ўринли мазкур транспорт воситаси ихчамлиги ва амалийлиги билан ажралиб туради. Унинг узунлиги 3 797 мм, кенглиги 1 510 мм, баландлиги 1 820 ммни ташкил этади. Автомобиль 1,2 литрли, 82 от кучига эга инжекторли атмосфера двигатели билан жиҳозланган бўлиб, 100 километрга ўртача 6,3 литр ёнилғи сарфлайди. Ёнилғи баки ҳажми 38 литрни ташкил этади. Шунингдек, стандарт жиҳозлар қаторига кондиционер, ABS тизими ва бошқа хавфсизлик воситалари киритилгани уни ички бозорда рақобатбардош моделлардан бирига айлантириши кутилмоқда.
Инвесторлар томонидан лойиҳалар изчил илгарилаётгани, ҳудудда яратилган инвестиция муҳити ва давлат кўмаги амалий натижа бераётгани таъкидланди. Шу билан бирга, улар Сирдарёда яна янги лойиҳаларни йўлга қўйиш режалари борлигини маълум қилди.
Вилоят раҳбари эса масалага аниқ ёндашувни белгилаб берди: ҳар бир лойиҳа, аввало, иш ўринлари ва қўшимча қиймат демак. Демак, натижа бўлиши шарт. Шу нуқтаи назардан, инвесторларга қонун доирасида барча шароитлар яратилиши, аммо иш суръати ва самарадорлик биринчи ўринда туриши таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири