Лондондаги халқаро кўргазмада Ўзбекистон миллий павильони ташкил этилди
Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида “IFE London – 2026” халқаро озиқ-овқат ва ичимликлар кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
ExCeL London кўргазмалар мажмуасида ташкил этилган намойиш Европадаги энг йирик тармоқ тадбирларидан бири ҳисобланади. Унда 1 500 дан ортиқ компания иштирок этмоқда. 30 мингдан зиёд мутахассис ташриф буюрган.

Кўргазмада турли мамлакатлардан озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқарувчилари, экспортёрлар, дистрибьюторлар ҳамда ритейл тармоқлари вакиллари қатнашяпти.
Бу йилги анжуманда Савдо-саноат палатаси ва “Савдони ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамияти кўмагида Ўзбекистон вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Палатанинг ЎзАга маълум қилишича, мамлакатимиз миллий павильони ташкил этилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортёрлар ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда. Павильонда 30 га яқин ўзбек компанияси иштирок этиб, уларнинг умумий экспорт ҳажми 107,5 миллион долларни ташкил этади.

Ўзбекистон павильони доирасида хорижий харидорлар, дистрибьюторлар ва инвесторлар билан учрашувлар, маҳсулотлар тақдимотлари ҳамда дегустациялар ҳам ташкил этилмоқда. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун Европа бозорига чиқиш ва янги экспорт алоқаларини ўрнатишда муҳим имконият яратади.
Мутахассислар таъкидлашича, “IFE London – 2026” каби халқаро платформаларда иштирок этиш Ўзбекистон озиқ-овқат саноати салоҳиятини намоён этиш, “Made in Uzbekistan” миллий брендларни илгари суриш ҳамда ташқи савдони кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА