Лизинг шартномасида объектнинг ҳуқуқий ва мулкий эгалиги кўрсатилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим масалалар муҳокама қилинди. Шундан сўнг бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига якка тартибдаги тадбиркорларнинг лизинг олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Таклиф этилаётган ўзгартиришларга кўра, якка тартибдаги тадбиркор лизинг олувчи бўлган ҳолларда лизинг объектини лизинг берувчининг балансида ҳисобга олиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, лизинг шартномасида объектнинг ҳуқуқий ва мулкий эгалиги, амортизацияни қўллаш тартиби ҳамда ундан фойдаланиш шартлари аниқ белгилаб қўйилади. Бу эса якка тартибдаги тадбиркорларнинг лизинг хизматларидан фойдаланишини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик фаолиятини молиялаштиришнинг муқобил манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Банкдан ташқари молиявий хизматлар бозорини ривожлантириш ва тадбиркорлар учун қулай молиявий муҳит яратишга хизмат қилади.
Шунингдек, йиғилишда парламент назоратига оид масалалар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, энергетика вазири Ш.Хўжаевнинг “Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар ва уларнинг самарадорлиги ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитиш ҳақидаги масала муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда энергетика соҳасини изчил ривожлантириш борасидаги ишлар билан бирга, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги учрашувлари давомида истеъмолчиларга сифатли ва узлуксиз электр энергияси етказиб бериш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ айрим масалалар мавжудлиги аниқланмоқда.
Шундан келиб чиқиб, депутатлар томонидан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижадорлиги, электр энергияси, табиий газ, нефть маҳсулотлари ва кўмир таъминоти ҳолати, мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар, шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини атрофлича муҳокама қилиш зарурлиги таъкидланди.
М.Комилова,
ЎзА