Куз-қиш мавсуми: 1 ноябрдан аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда янги тизим жорий этилади
Аҳолини суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш, айниқса, куз-қиш мавсумида истеъмолчилар эҳтиёжини ўз вақтида қондириш муҳим вазифалардан. Бунинг учун газ етказиб бериш ҳажмларини белгилаш, зарур захираларни шакллантириш, газ тўлдириш иншоотларини мавсумга тайёрлаш ҳамда аҳоли мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу йўналишда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан ҳам қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу ҳақда мазкур ташкилотнинг бошқарма бошлиғи Акмал Жўраев иштирокида ўтказилган брифингда маълумот берилди.
Бугунги кунда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан 3 миллион 730 мингдан ортиқ хонадон ва 2 мингга яқин ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. 2026 йил январь-август ойларида истеъмолчиларга 352,1 минг тонна газ етказиб берилган.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида республикадаги 93 та газ тўлдириш иншооти шай ҳолатга келтирилиб, ҳудудларда 24 мингта маиший газ баллони захираси яратилган. 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 325,7 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган. Жумладан, олис ва бориш қийин бўлган 229 та қишлоқ ва овулдаги 104,7 минг истеъмолчига 8,2 минг тонна газ етказилади.
Аҳоли мурожаатлари бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. 2026 йил январь-август ойларида Президент Виртуал қабулхонаси орқали суюлтирилган газ таъминоти ва маиший газ баллони ажратиш бўйича 19 минг 613 та мурожаат келиб тушган. Шундан 17 минг 879 таси газ таъминотига, 1 минг 734 таси маиший газ баллони ажратишга оид бўлган. Газ таъминотига оид мурожаатларнинг 17 минг 101 таси ижобий ҳал этилган.
Июнь-июль ойларида 7 минг 131 та мурожаат қабул қилинган бўлса, август ойи ва сентябрь ойининг бугунги кунига қадар бу кўрсаткич 4 минг 139 тани ташкил этган. Натижада мурожаатлар 2 992 тага ёки 42 фоизга камайган.
Аҳоли билан мулоқотни яхшилаш мақсадида Call-марказлар операторлари сони 62 нафардан 93 нафарга оширилган. Шунингдек, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда телеграм гуруҳлари асосида мурожаатларни кўриб чиқиш тизими йўлга қўйилган. Таъминот жараёнларида “E-Gaz” дастури ва Face ID технологиясидан фойдаланилмоқда.
Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ таъсисчилигида “LPG-Trade” МЧЖ ташкил этилади. 2026 йил 1 ноябрдан компания томонидан газни биржа орқали харид қилиб, аҳолига етказиб бериш тизими жорий қилинади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА