Курсантлар "Заковат"да беллашди
Фавқулодда вазиятлар академиясида Ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар кенгаши билан ҳамкорликда буюк саркарда ва давлат арбоби Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “Куч адолатда” шиори остида “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги академиясининг “Юристлар” ва “Юристлар-2”, Божхона институтининг “Божхоначилар”, Давлат хавфсизлик хизмати академиясининг “Ифтихор”, Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг “Маърифат”, Жамоат хавфсизлиги университетининг “Талабалар” жамоаси, Ахборот-коммуникация технологиялари ва ҳарбий алоқа институтининг “Алоқачилар” ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясининг “Қутқарувчилар” жамоалари ўзаро муросасиз баҳс олиб борди.

"Заковат" интеллектуал клуби масъул ходими Муҳиддин Усмонов бошчилигидаги ҳакамлар интеллектуал ўйинни адолатли ва шаффоф баҳолаб борди.

Беллашув якунларига кўра, Давлат хавфсизлик хизмати академиясининг “Ифтихор” жамоаси фахрли 3-ўринни эгаллади. Жамоат хавфсизлиги университетининг “Талабалар” жамоаси фахрли 2-ўринга сазовор бўлди. Божхона институтининг “Божхоначилар” жамоаси эса юқори натижаларни қайд этиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритди.

Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан ғолиб ва совриндор жамоаларга, шунингдек, фаол иштирок этган ёшларга диплом, ташаккурнома, сара асарлардан иборат китоблар тўплами ҳамда эсдалик совғалар топширилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА