Кунларнинг исиши Наврўз ҳароратини янада оширади (+видео)
Қуёш ер-кўкка тафтини улашиб, бағрини очганда олам яшилликка бурканади. Қушлар навоси ҳам шундай паллада ўзгача жаранглайди. Демак, келди баҳор, келди – Наврўз. Бу янги кун, янги мавсумнинг бошланиши. Кўкламнинг иффори қалбларга кўчганда эса инсоннинг руҳи танадан отилиб чиққудек, жўшиб кетади. Бу байрамнинг асосий қаҳрамонлари ҳам, бошқарувчилари ҳам бор. Албатта улар Ўзбекистон келажаги, навқирон авлоди – ёшлардир.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари Наврўзни интизор кутадилар. Ранг-баранг миллий либосларга бурканган муассаса ҳовлисига чиқишингиз биланоқ юқори ҳароратни ҳис қиласиз. Бу ҳарорат ёшлик, навқиронлик, миллий урф-одатларимиз, қадимий удумларимиздан куч олиб, турфа рангларда жилоланади.
- Талабалар баҳори” фествали бу ҳар йили баҳорнинг бошланиши, янгиланиш ва талабалар ижодлари, шеърлар танлови, миллий либослари, аллалар, қадриятларимиз бўлган лапарлар айтилиши бўйича танловлар ва ундан ташқари ўзбекнинг миллий таоми паловларнинг турли вилоятлар кесимида тайёрланиши намойиш этилади, - дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Гулноза Жўраева. – Ҳар бир вилоят ўз таомларининг тайёрланиши ва тарихи ҳақида кенг маълумот беради. Бу талабаларимизга жудаям қизиқ.
Баҳорнинг гўзал мусобақалари арқон тортишлар, тош кўтариб куч синашлар, ўлан-лапарлар айтишлар, хилма-хил ўйинлар, рақс ва миллий таомларимиз намойишлари - албатта буларнинг барчаси инсонлар кайфиятини кўтаради. Номоддий меъросимизни кўз қорачиғидек асраш, уларни кейинги авлодларга бус-бутунлигича қолдириш масъулиятини янада оширади. Яна бир жиҳат борки у ҳам бўлса миллий қадриятлар, ноёб анъаналаримиз бешиги бўлмиш Наврўз - тинчлик элчиси, фарвонлик белгиси, халқларни бирлаштирувчи кучдир.
Университет ҳовлисидан бошланган Наврўз тантаналари “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” спорт мусобақаларига уланиб кетди. Ўн кундан ортиқ давом этадиган беллашувлар ёшлар орасидан энг кучлиларини аниқлаб беради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/X3HQLq475Do" title="Kunlarning isishi Naro‘z haroratini yanada oshiradi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА