Кучли таъсир қилувчи дориларнинг ноқонуний айланмаси фош этилди
Божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўйича тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда.
Хусусан, Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тезкор-қидирув тадбири ўтказган.
Тадбир давомида 47 ёшли фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда, ертўлада қонунга хилоф равишда сақланаётган 84 дона конвалютадаги жами 1176 дона «Регапен» дори воситаси аниқланган ва ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Божхона қўмитаси Марказий божхона лабораториясида ўтказилган суд-кимёвий экспертиза натижаларига кўра, мазкур дори воситалари таркибида жами 352,5 грамм «прегабалин» кучли таъсир қилувчи моддаси мавжудлиги тасдиқланган. Амалдаги тартибга кўра, «прегабалин» моддасининг 10 граммдан ортиқ миқдори кўп миқдор ҳисобланади ва қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Яна бир ҳолат Бухоро вилоятида аниқланган. Вилоят божхона бошқармаси тезкор ходимлари томонидан Ғиждувон туманида ўтказилган тадбир давомида таркибида «габапентин» кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган 204 дона «Габатен» дори воситасини 1600 АҚШ долларига сотишга уринган шахс ушланган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА