Кўринмас қотил: Беморларнинг ярмидан кўпи хасталигидан бехабар
Англияда 1,4 миллионга яқин киши билан ўтказилган тадқиқот катта ёшдагиларнинг учдан бирида қон босими юқори эканини кўрсатди. Энг ташвишли жиҳати, уларнинг 59 фоизи шу ҳолатдан бехабарлиги учун даволанмаяпти.
Оксфорд университети олимлари 2022-2025 йилларда тўпланган тиббий маълумотни таҳлил қилди. Натижага кўра, қон босими юқори 18-39 ёшдагиларнинг 15 фоизида, 80 ёшдан ошганларнинг эса 71 фоизида кузатилган. Ёш гуруҳлари бўйича ҳисоб-китоб қилинганда, айни кўрсаткич эркакларда 42, аёлларда 29 фоизни ташкил этган. Даволанаётганларнинг ҳам ярмида қон босими меъёрий даражага тушмаган.
Мутахассислар юқори қон босими юрак хуружи ва инсультнинг асосий хавф омили эканини таъкидламоқда. Буюк Британия Юрак жамғармаси маълумотида мамлакатдаги юрак хуружи ва инсульт ҳолатларининг тахминан ярми қон босими кўтарилиши билан боғлиқлиги келтирилган. Изланувчилари хатарни эрта аниқлаш чорасини кучайтириш, жумладан 40 ёшгача бўлган аҳолини ҳам мунтазам текширувдан ўтказиш имкониятини қайта кўриб чиқишга чақирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА