Конституциявий шикоят: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги имкониятлари
Янги қонун шарҳи
Демократик давлатларда қонунлар нечоғлиқ мукаммаллиги қонун устуворлиги амалда қай даражада таъминлангани ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қанчалик ишончли ҳимоя қилинаётгани билан белгиланади. Зеро, ҳуқуқий давлат деганда, фақат қонунлар қабул қилинадиган эмас, балки барча давлат органларидан тортиб, мансабдор шахслар ва фуқароларгача қонунга бирдек амал қиладиган тизим тушунилади.
Шу маънода, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида Конституция устуворлигини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш ва одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистоннинг ҳуқуқий ва ижтимоий давлат сифатидаги мақоми мустаҳкамлангани эса ушбу вазифаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.
Бинобарин, Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлар ҳаётда тўлиқ намоён бўлиши учун уларнинг амал қилишини таъминлайдиган, қонунчиликнинг Бош қомусимизга мувофиқлигини назорат қиладиган самарали ҳуқуқий механизмлар зарур. Ана шундай муҳим институтлардан бири бу – Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судидир.
Жорий йил 14 октябрь куни Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни эса ушбу институтнинг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва фаолият принципларини белгилаб берувчи, мамлакатда конституциявий қонунийликни таъминлашга хизмат қилувчи муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Конституциявий қонун билан қуйидаги энг муҳим янгиликлар жорий этилди, яъни суд фаолиятига ахборот тизими жорий этилиб, мурожаатларни электрон шаклда юбориш, жараённи онлайн кузатиш, видеоконференцалоқа ва мобиль илова орқали судда иштирок этиш ҳамда очиқ суд мажлисларини интернет орқали жонли эфирга узатиш имконияти яратилди.
Конституциявий суд қарорларининг ижро механизми кучайтирилмоқда. Конституцияга зид деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган давлат органи ушбу ҳужжатни уч ойдан кечиктирмасдан ёки Конституциявий суднинг қарорида белгиланган муддатда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштириши шартлиги, ҳамда бундай ҳужжатлар асосида чиқарилган суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тартиби аниқ белгиланди.
Шунингдек, ушбу Конституциявий қонун Конституциявий суд фаолиятини тартибга солиш билан бирга, Асосий қонуннинг ҳаётдаги таъсирчанлигини таъминлашга хизмат қиладиган институционал асосларни ҳам мустаҳкамлайди. Зеро, Конституциянинг устуворлиги фақат унинг матнидаги нормалар билан эмас, балки ушбу нормалар бузилганда уларни тиклаш ва ҳимоя қилиш имкониятлари билан ҳам белгиланади.
Шу боис, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунда Конституциявий суд судьяларининг мустақиллиги, уларнинг фақат Конституцияга бўйсуниши ҳамда суд фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслигига оид кафолатлар белгиланган. Бу қоидалар суднинг холис қарор қабул қилиши, конституциявий назоратни холисона амалга ошириши учун ҳуқуқий замин яратади.
Шунингдек, Конституциявий суд қарорларининг узил-кесиллиги ва уларнинг тегишли субъектлар учун мажбурийлиги конституциявий назоратнинг таъсирчанлигини таъминлайди. Агар суд қарорига амал қилиш ихтиёрий бўлганида, Конституция устуворлигини таъминлаш механизмининг самараси ҳам сезиларли даражада пасайган бўлар эди.
Суд мустақиллиги нафақат қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий кафолатлар, балки судьяларнинг касбий малакаси, ҳуқуқий тафаккури, масъулияти ва холислигида ҳам намоён бўлади. Конституциявий суд фаолиятида қонунийлик, асослилик, холислик ва очиқлик тамойилларига изчил амал қилиниши эса инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда уларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун муҳим замин яратади. Зеро, ҳуқуқий давлатнинг асосий мезонларидан бири – ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний воситалар орқали мустақил ҳимоя қила олиши, зарур ҳолларда эса адолатни қарор топтириш мақсадида ваколатли органларга мурожаат қилиш имконияти кафолатланганидир.
Шу нуқтаи назардан, Конституциявий қонуннинг 42-моддасида Давлат раҳбари, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси каби бир қатор субъектлар билан бирга, фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга конституциявий шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқи белгилангани муҳим аҳамиятга эга. Мазкур ҳуқуқ конституциявий назорат имкониятларини кенгайтириб, Асосий қонун билан кафолатланган ҳуқуқларни ҳимоя қилишда фуқаро ва юридик шахсларнинг имкониятларини оширди. Бу эса инсон манфаатларини давлат сиёсатининг марказига қўйишга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим ҳуқуқий ифодасидир.
Амалдаги қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ, фуқаролар ва юридик шахслар, агар муайян суд ишида ўзларига нисбатан қўлланилган қонун уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини бузган деб ҳисобласалар, қонунда назарда тутилган шартлар асосида Конституциявий судга шикоят билан мурожаат қилишлари мумкин. Бунда, хусусан, бошқа суд ҳимояси воситаларининг тугалланган бўлиши талаб этилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ушбу механизмнинг аҳамиятини биргина ҳуқуқий тартиб-таомил сифатида баҳолаш тўғри бўлмайди. Унинг замирида инсоннинг давлат ва қонун олдидаги қадри, ҳуқуқий ҳимояга бўлган ишончи ва адолатни қарор топтиришга қаратилган интилиш мужассам.
Масалан, муайян қонун нормасининг суд ишида қўлланилиши фуқаронинг конституциявий ҳуқуқларига дахл қилган деб ҳисобланса, у қонунда белгиланган шартлар бажарилган тақдирда, ушбу норманинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш масаласини Конституциявий суд олдига қўйиш имкониятига эга бўлади.
Шу билан бирга, конституциявий шикоят ҳар қандай суд қарорини қайта кўриб чиқиш ёки оддий ҳуқуқий низони ҳал қилиш воситаси эмаслигини англаш лозим. Унинг асосий мақсади – муайян суд ишида қўлланилган қонуннинг конституциявийлигини текшириш орқали инсоннинг Асосий қонун билан кафолатланган ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун билан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил – Омбудсман ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул ваколатли вакилнинг қонунда белгиланган доирада Конституциявий судга мурожаат қилиш имкониятлари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу механизмлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишда институционал кўмакни кучайтиришга хизмат қилади.
Айниқса, тадбиркорлик субъектлари учун ҳуқуқий аниқлик ва барқарорлик иқтисодий фаолиятнинг муҳим шарти ҳисобланади. Қонунчиликдаги ноаниқликлар ва конституциявий талабларга зид нормаларнинг мавжудлиги нафақат муайян корхона манфаатларига, балки ишбилармонлик муҳитига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, конституциявий назорат механизмларининг самарали ишлаши иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, қонуннинг ҳаётбахшлиги унинг матнда қай даражада мукаммал ифодалангани билангина эмас, балки жамиятда қанчалик тўғри англаниши ва амалда қай даражада қўлланилиши билан белгиланади. Шу маънода, Конституциявий суднинг самарали фаолияти билан бир қаторда, аҳолининг ҳуқуқий билими ва конституциявий маданиятини юксалтириш ҳам долзарб вазифадир.
Фуқаро ўз ҳуқуқларини билса, давлат органларининг ваколатлари ва масъулиятини англаса, ҳуқуқий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш тартибидан хабардор бўлса, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш имкониятлари янада кенгаяди.
Шу боис, Конституциявий суд фаолиятига оид маълумотларни кенг жамоатчиликка тушунарли тилда етказиш, конституциявий шикоят бериш тартиби ва талабларини изоҳлаш, суд қарорларининг ҳуқуқий аҳамиятини ёритиш муҳимдир. Бу борада оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари, ҳуқуқшунос олимлар ва фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаол иштирок этиши лозим.
Зеро, ҳуқуқий маданият юксак бўлган жамиятда Конституция фақат давлат рамзи ёки ҳуқуқий ҳужжат сифатида эмас, балки кундалик ҳаётда амал қилинадиган ишончли мезон сифатида намоён бўлади.
Нилуфархон САИД-ГАЗИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Девон раҳбари, ю.ф.д.
ЎзА