Кўмир бозоридаги янги тартиб аҳолига қулайлик яратади
Қиш мавсумида аҳолини кўмир билан барқарор таъминлаш, бозорда рақобатни кучайтириш ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги тизим жорий этилди. Унга кўра, Ижтимоий реестрга киритилган оилалар mycoal.uz платформаси орқали харид қилинган кўмир учун 600 минг сўмгача компенсация олиши мумкин.
Бу ҳақда “Ўзбеккўмир” АЖ маркетинг ва маҳсулот етказиб бериш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Кўчимов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди. Хусусан, бу йил 5,7 миллион тонна кўмир қазиб чиқариш ва истеъмолчиларга 7 миллион тонна етказиб беришни режалаштирган. Шундан 1 миллион 530 минг тоннаси аҳоли эҳтиёжларига йўналтирилади.
15 октябрь ҳолатига кўра, биржа савдоларига аҳоли учун 476 минг 445 тонна кўмир чиқарилган. Тадбиркорлар 319 минг 850 тонна кўмир харид қилган. Шартномалар асосида конлардан 48 минг 127 тонна маҳсулот юклаб жўнатилган, 30 минг 532 тоннаси қабул қилиб олинган. mycoal.uz орқали аҳолига сотилган кўмир ҳажми 19 минг 185 тоннани ташкил этган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июлдаги “Кўмир саноатида бозор механизмлари жорий этилиши муносабати билан ижтимоий реестрга киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида кўмир таъминотининг янги тартиби жорий этилди. Унга кўра, янги тизимда “Ўзбеккўмир” АЖ кўмир қазиб чиқариш, биржа савдоларига чиқариш ва харид қилинган маҳсулотни конлардан юклаб жўнатишга масъул. Ҳокимликлар ҳудудлар эҳтиёжини ўрганиш ва таъминотни мувофиқлаштиради, тадбиркорлар эса кўмирни сақлаш, ташиш ва истеъмолчиларга етказиб бериш билан шуғулланади. Фуқаролар эса кўмирни mycoal.uz интерактив портали ва мобил иловаси орқали буюртма қилиши мумкин. Бу орқали улар ҳудуддаги таклифларни ўрганиб, нарх ва сифатга қараб етказиб берувчини танлайди.
Ҳозирга қадар ҳудудий ҳокимликлар томонидан кўмир етказиб бериш учун 81 та тадбиркорлик субъекти рўйхати шакллантирилган. Ҳар бир ҳудудда камида учта тадбиркор фаолиятини йўлга қўйиш орқали аҳолига нарх ва хизмат шартларини таққослаб, ўзига мақбул етказиб берувчини танлаш имконияти яратилмоқда.

Янги тартибга кўра, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга платформа орқали харид қилинган ҳар бир тонна кўмир учун 300 минг сўм компенсация тўланади. Бир оилага бир тақвим йилда бериладиган маблағ 600 минг сўмдан ошмайди.
Компенсация 2026–2027 йилларда амал қилади. Уни олиш учун алоҳида ариза топшириш шарт эмас: харид маълумотлари автоматик равишда тегишли ахборот тизимига узатилади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги оиланинг Ижтимоий реестрга киритилганини текшириб, тўлов олувчилар рўйхатини шакллантиради. Маблағлар компенсация тайинланган ойдан кейинги ойнинг 4–27-саналарида молиялаштирилади. “Халқ банки” эса тўлов ойининг 5–27-саналарида пулни оиланинг ижтимоий ёки банк пластик картасига ўтказади.
Кўмир сифати, миқдори, нархи ёки етказиб бериш муддати билан боғлиқ муаммолар юзага келса, фуқаролар тадбиркор ёки маҳаллий ҳокимликка мурожаат қилиши мумкин. Нархларни асоссиз ошириш ва ортиқча устамалар қўллаш ҳолатлари бўйича Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига хабар бериш мумкин.
Мақсад аҳолига қулайлик, эҳтиёжмандларга эса танлов имкониятини кенгайтириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қишки харажатларини енгиллаштиришдир.
А.Мусаев,ЎзА