Когонда аҳоли учун замонавий дам олиш маскани барпо этилди
Бухоро вилояти Когон туманида аҳолига қулай шароит яратиш, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда. Хусусан, «Баҳоуддин Нақшбанд» маҳалла фуқаролар йиғинининг Янги йўл кўчасида аҳоли учун замонавий дам олиш ва кўнгилочар маскани барпо этилди.
Мазкур лойиҳа ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли учун қулай шарт-шароит яратиш, айниқса, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Мазкур мажмуа ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, маҳалла аҳолиси учун муносиб дам олиш шароитларини яратиш ҳамда турли ёшдаги фуқароларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Лойиҳа доирасида 60 сотихдан ортиқ майдон ободонлаштирилиб, замонавий инфратузилма ташкил этилди. Жумладан, болалар ва ўсмирлар учун ўйин майдончаси, ёшлар ҳамда спорт ихлосмандлари учун воркаут ҳудуди, шунингдек, аҳоли ҳордиқ чиқариши учун шинам айвонлар барпо қилинди.
Мажмуа ҳудудида ўрнатилган замонавий фавворалар атрофга янада кўркамлик бағишлаб, ташриф буюрувчилар учун хушманзара ва осойишта муҳитни шакллантирган.
Эътиборли жиҳати, бу ерда соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш мақсадида умумий узунлиги 600 метр бўлган пиёдалар ва велосипед ҳаракати учун мўлжалланган саломатлик йўлаклари ҳам қурилди. Бу аҳолига очиқ ҳавода сайр қилиш, жисмоний фаоллик билан шуғулланиш ва ҳордиқ чиқариш учун қўшимча имконият яратади.
[gallery-31944]
Мажмуа аҳолига кечаю кундуз хизмат кўрсатишга мўлжалланган бўлиб, «24/7» режимида фаолият юритади. Қурилиш ишлари «Buxara gold new building» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди.
Бундай замонавий масканларнинг барпо этилиши маҳаллалар қиёфасини ободонлаштириш, аҳоли учун қулай ижтимоий муҳит яратиш ва турмуш сифатини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА