Китобхон она – маърифатли авлод тарбиячиси
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида анъанавий «Китобхон оналар куни» тадбири ташкил этилди.
Халқаро қишлоқ аёллари куни ҳамда Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги муносабати билан ўтказилган учрашув «Китобхон она – маърифатли авлод тарбиячиси» мавзусига бағишланди.
Унда Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ва Тошкент вилояти «Оқила аёллар» ҳаракати вакиллари қатнашиб, китобхонлик маданияти, она тилига ҳурмат ва оилада маънавий тарбиянинг аҳамияти юзасидан фикр алмашди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира, Миллий кутубхона етакчи мутахассиси Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи она тилимизнинг бой имкониятлари, унинг миллий ўзлигимизни ифода этишдаги ўрни ҳамда адабиётимиздаги аҳамияти ҳақида сўз юритди. Давлат тили мақомининг тарихий аҳамиятини таъкидлар экан, у ўзбек тилининг жозибаси ва бетакрорлигини намоён этувчи адабий меросимизга алоҳида эътибор қаратди.

Мулоқотлар давомида қишлоқ аёлларининг жамият тараққиётидаги ўрни, уларнинг меҳнат фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш ҳамда муносиб турмуш шароитларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар қишлоқ аёлларининг машаққатли меҳнати, ҳаётий тажрибаси ва орзу-интилишлари акс этган адабий асарлар ҳақида ҳам фикр билдирди. Бундай асарлардаги аёл образлари орқали сабр-тоқат, матонат ва меҳнатсеварлик каби фазилатларнинг ёритилишига эътибор қаратилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлардаги ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари ZOOM платформаси орқали қатнашди. Тадбиркор аёллар ҳам ўз табрикларини йўллаб, хотин-қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва улар учун яратилаётган имкониятлар хусусида мулоҳазаларини баён этди.

Тадбирнинг бадиий қисмида Тошкент шаҳар Бектемир туманидаги 1-сон Маданият маркази қошидаги «Оҳанрабо» халқ фольклор-этнографик жамоаси раҳбари, «Нуронийлар» жамғармаси қошидаги «Нуронийлар куйлаганда» жамоаси хонандаси Дилором Зиётовa ва жамоа хонандаси Бувисора Ханназарова ижросидаги қўшиқлар янгради. Мусиқий чиқишлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.
Мазкур тадбир китобхонликни оммалаштириш, миллий адабиётимизга қизиқишни ошириш, она тилимизнинг қадр-қимматини улуғлаш ва оилаларда маънавий муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган мулоқот майдони бўлди. Унда китобхон она нафақат оиладаги тарбиячи, балки жамиятнинг маънавий камолотига ҳисса қўшувчи муҳим куч экани алоҳида намоён бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА