Кимё саноати: экспорт ва ички бозорда барқарор ўсиш қайд этилди
“Аммофос-Махам” АЖ 2025 йилда юқори ишлаб чиқариш кўрсаткичларини қайд этди. Режа бўйича 206,52 минг тонна (физик ҳолда) товар маҳсулоти ишлаб чиқариш белгиланган бўлса, амалда бу кўрсаткич 223,3 минг тоннани ташкил этди. Бу эса режанинг қиймат жиҳатидан 1 594,3 миллиард сўмга бажарилишини ва ўсиш суръати 114,3 фоизга етганини кўрсатади. Ишлаб чиқариш таркибида асосий улушни аммофос ва супрефос эгаллади.
“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан “Аммофос-Махам” акциядорлик жамияти фаолияти, бугунга қадар амалга оширилган лойиҳалар ва истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжуманида шу кўрсаткичлар алоҳида таъкидланди.

Масъулларнинг сўзларига кўра, “Аммофос-Махам” АЖ Қизилқум фосфоритлари асосида мураккаб азот-фосфорли минерал ўғитлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик саноат корхоналаридан бири бўлиб, мамлакат кимё саноатининг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан саналади.
Тадбирда улар рақамлар таҳлилига эътибор берар экан, бу жараёнда сотув кўрсаткичлари ҳам ижобий динамикани намоён этганига урғу берди. Унга кўра, режадаги 1 516,1 миллиард сўм ўрнига амалда 1 627,8 миллиард сўмлик маҳсулот реализация қилинган. Бунда асосий эътибор ички бозорга қаратилган. Аммофос савдоси 1 556,3 миллиард сўмни, супрефос эса 52,1 миллиард сўмни ташкил этган.

“Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлагановнинг айтишича, экспорт йўналишида ҳам муайян натижаларга эришилган. Бунда жами 2 630 тонна минерал ўғитлар 1,429 миллион АҚШ доллари қийматида хорижий бозорларга етказиб берилган. Маҳсулотлар Афғонистон, Тожикистон ва Қозоғистонга йўналтирилган.
– 2026 йилнинг биринчи чорагида ҳам корхона барқарор ўсиш суръатини сақлаб қолмоқда. Ушбу даврда 42,45 минг тонна аммофос ишлаб чиқарилиб, маҳсулот қиймати 303,18 миллиард сўмни ташкил этди. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 107,1 фоиз ўсишни англатади. Корхонада меҳнат муҳофазаси ва ижтимоий ҳимоя масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Жамоатчилик назорати кучайтирилиб, соҳа фаоллари сони 45 нафардан ошди. Гендер тенгликни таъминлаш мақсадида махсус комиссия фаолияти йўлга қўйилди.Шу билан бирга, корхонада ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам устуворлик берилмоқда. Касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан 44 нафар ходимнинг саломатлигини тиклашига кўмаклашилди, 24 нафар ишчининг жарроҳлик амалиёти учун моддий ёрдам ажратилди. Шунингдек, кам таъминланган оилалар ва меҳнат фахрийларига ҳам доимий эътибор қаратилиб, 19 нафар ходим қўллаб-қувватланди, – деди у.
Матбуот анжуманида экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналишида ҳам салмоқли натижаларга эришилгани айтиб ўтилди. Унга асосан 2025 йил давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 87 919 туп дарахт ва бута кўчатлари, шунингдек, 12 000 дона гул экилиб, ҳудуд кўкаламзорлаштирилган. Жорий йилда бу борадаги ишлар янада самарали ташкил этилмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА