Кичик саноат зонасида яна бир лойиҳа ишга тушди
Маҳаллий ишлаб чиқариш – янги имкониятлар ва барқарор иқтисодий ўсиш гаровидир. Бугунги кунда Наманган вилоятидаги етмишдан ортиқ кичик саноат корхоналарида айни шу тамойил асосида минглаб ишлаб чиқариш қувватлари барқарор фаолият юритмоқда.
Яқинда Уйчи туманида ана шундай корхоналаридан бири – “Ecopoletilen Plast Trade” масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини бошлади.
Ёркатай саноат зонасида амалга оширилган ва умумий қиймати 6 миллиард сўмга тенг бўлган лойиҳанинг илк босқичига кўра, корхонада пластмасса гранулаларидан мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва ташишга мўлжалланган яшиклар ҳамда турли маҳсулотларни қадоқлаш, ўраш, иссиқхоналарда, шунингдек, саноат ва маиший мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган целофан ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Демак, ойига олти мингта яшик ва 10 минг метр целофан тайёрлаш қуввати яратилди.

Уйчи тумани ҳокимининг инвестициялар ва савдо-саноат масалалари бўйича ўринбосари Азамат Абдуллаевнинг қайд этишича, ишбилармоннинг ўз маблағи ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳанинг ҳудудий жойлашуви тадбиркорлар учун айниқса, қулай. Боиси, корхона яқин ҳудудларда 30 дан ортиқ мева-сабзавотларни йиғиш ва қабул қилиш пунктлари фаолият юритмоқда. Мазкур лойиҳа тадбиркорларнинг пластмасса яшикларга бўлган эҳтиёжини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан таъминлаш, маҳсулотларни сифатли сақлаш ва ташиш ҳамда харажатларни камайтиришга хизмат қилади.

Жамият томонидан лойиҳанинг навбатдаги босқичларида тикувчилик ва қадоқлаш ашёлари тайёрлаш цехларини ишга тушириш режалаштирилган. Бу билан корхонада яна 15 та янги иш ўрни юзага келади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзАмухбири