Касбга ўқитиш ва олий ўқув юртига тайёрлаш марказлари фойдаланишга топширилди
Шимоли-ғарбий ҳарбий округида муддатли ҳарбий хизматдаги ёшларни касбга ўқитиш ва олий ўқув юртига тайёрлаш марказлари фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни янги биноларнинг очилиши муносабати билан табриклади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини ошириш, ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ва турмуш шароитларини яхшилаш, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшларнинг касб ўрганиш ва таълим олишга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қайта таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилган касб-ҳунарга ўқитиш ва олий ўқув юртига тайёрлаш марказлари биноларининг фойдаланишга топширилиши шундай мақсадларни ўзида мужассам этган эзгу ишлардан саналади. Жами 5 миллиард сўм маблағ ҳисобидан қайта таъмирдан чиқарилган биноларда ёшлар учун барча қулай шароит яратилган.
Албатта, ушбу марказларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар таълим олиб, ўзлари қизиққан касб сирларини ўрганади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири