Каромиддин Гадоев: Малайзия билан шериклик Жануби-Шарқий Осиё сари янги имкониятлар очади
Бугун Ўзбекистон ташқи сиёсатида Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳим йўналишлардан бирига айланмоқда. Айниқса, бу жараёнда Малайзия Ўзбекистоннинг минтақадаги истиқболли ва ишончли ҳамкорларидан бири сифатида алоҳида ўрин тутади.
Сўнгги йилларда Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги сиёсий мулоқот сезиларли даражада фаоллашиб, муносабатлар мазмунан янги босқичга кўтарилди. Олий даражадаги ташрифлар ва мулоқотлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликдан тортиб, ислом молияси ва ҳалол индустрия, юқори технологиялар, таълим, туризм ҳамда маданий-гуманитар алоқаларгача бўлган кенг йўналишларда янги имкониятларни очмоқда.
Хўш, бугун Ўзбекистон – Малайзия муносабатлари қайси босқичда? Олий даражада эришилган келишувлар қандай амалий натижа бермоқда? Икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигининг ҳали ишга солинмаган имкониятлари нималардан иборат? Малайзия тажрибаси Ўзбекистонда ҳалол индустрия, ислом молияси ва юқори технологияларни ривожлантиришга қандай хизмат қилиши мумкин?
“Дипломатик ракурс” лойиҳаси доирасида ана шу масалалар хусусида Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Каромиддин Гадоев билан суҳбатлашамиз.
– Ҳурматли элчи, аввало, бугунги кунда Ўзбекистон – Малайзия муносабатларининг ҳолатини қандай баҳолайсиз? Сўнгги йилларда икки ўлка ўртасидаги ҳамкорликда қандай сифат ўзгаришлари кузатилмоқда?
– Сўнгги йилларда мамлакатларимиз муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга чиққанини алоҳида ифтихор билан айтиш мумкин. Бу нималарда кўринади? Авваламбор, икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот фаоллашди. Жумладан, 16 йиллик танаффусдан сўнг 2024 йилнинг май ойида Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим жаноби олийлари юртимизга ташриф буюрди. 2025 йилнинг февраль ойида Президентимиз Малайзияга ташриф буюриб, Ўзбекистон-Малайзия муносабатларида янги даврни бошлаб бердилар. Давлатимиз раҳбарининг Малайзияга сўнгги 20 йилда илк бор олий даражали ташриф билан келганини ҳақиқий тарихий ташриф деб аташ мумкин.
Иккинчидан, парламентлараро алоқалар мутлақо янги даражага кўтарилди. Ҳар иккала мамлакат парламентларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётган дўстлик гуруҳлари тузилиб, уларнинг йиғилишлари мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоилов бошчилигидаги делегация Малайзияга ташриф буюриб, ўзаро ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилди. Худди шунингдек, Малайзия парламенти Вакиллар палатаси спикери Жоҳари бин Абдулнинг диёримизга ташрифи давомида ҳар иккала мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш масалалар кўриб чиқилди.
Энг асосийси, Малайзияда Янги Ўзбекистонни янада теранроқ таний бошлашди, малайларнинг республикамизга, унинг бой тарихи ва маданиятига бўлган қизиқиши янада ортди. Икки ўлка сиёсий доиралари, тадбиркорлари ва зиёлилари ўртасидаги борди-келди ва алмашинувлар сезиларли даражада кучайди.
– Ўзбекистон ва Малайзия етакчилари даражасидаги мулоқот икки томонлама муносабатларнинг янги босқичга кўтарилишида қандай аҳамият касб этмоқда? Олий даражада эришилган келишувларнинг амалий натижалари хусусида фикр юритсангиз.
– Албатта, Ўзбекистон ва Малайзия етакчилари ўртасидаги олий даражали мулоқот ҳар иккала мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг жадаллашишида муҳим ўрин тутади. Юқорида айтиб ўтилган ташрифлардан ташқари ҳар икки давлат раҳбарлари мунтазам телефон мулоқотлари ва турли халқаро тадбирлар доирасида учрашувлар ўтказиб, ўзаро ҳамкорликнинг кун тартибида турган масалалар бўйича фикр алмашиб келмоқдалар.
Жумладан, Ўзбекистон Президентининг Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим билан мулоқоти ушбу мамлакат делегацияси жорий йилнинг июнь ойида Тошкентда тўхтаб ўтган вақтда амалга оширилди. Мазкур учрашувда икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, савдо-иқтисодий алоқаларни жадаллаштириш, ислом молияси, ҳудудлараро алоқалар, зиёрат туризми ва тўғридан-тўғри авиақатновлар сонини ошириш муҳокама қилинди.
Икки давлат раҳбарлари ўтказган олий даражадаги музокараларининг натижаси ўлароқ, Малайзия билан умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган 40 дан ортиқ инвестицион лойиҳалар пакети шакллантирилди. Ҳозирда уларнинг аксарияти бўйича амалий ишлар бошланган. Хусусан, “Nextgreen Global Berhad” комапнияси Қуйи-Чирчиқ туманида ғўза чиқиндиларини қайта ишлаш ва целлюлоза ишлаб чиқариш, “Orion Consorsium Sdn Bhd” компанияси томонидан Фарғона вилоятида гемодиализ марказларини ташкил этиш, “СB Synergy Sdn Bhd” компанияси томонидан Китоб туманида Қашқадарё дарёси бўйлаб қуввати 10 МВт бўлган ГЭСлар қуриш, “Tamerlan Marketing” МЧЖда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни модернизация қилиш бўйича аниқ мақсадли ишлар олиб борилмоқда.
Шу ўринда ўтказилган олий даражали музокараларнинг натижасида республикамизда малайзиялик инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитлар туфайли ушбу мамлакат бизнес доира вакилларининг ва инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши тобора ошиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Элчихонамиз ташаббуси билан бир гуруҳ фаол, Ўзбекистонга меҳри баланд малайзиялик тадбиркорлар иштирокида Куала-Лумпур шаҳрида “Малайзия-Ўзбекистон бизнес альянси” нодавлат-нотижорат ташкилоти тузилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди. Ушбу ташкилот Элчихона билан ўзаро ҳамкорликда малайзиялик тадбиркорларнинг юртимизга бизнес миссияларини ташкил этиш, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш, қўшма бизнес форумларни ташкил этишда яқин алоқаларни амалга ошириб келмоқда. Албатта, буларнинг ҳаммаси ҳар иккала мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш, янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароит яратади.
– Мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳали тўлиқ ишга солинмаган қандай имкониятлар мавжуд? Қайси соҳаларни энг истиқболли йўналишлар сифатида таъкидлаган бўлардингиз?
– Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий йўналишларда ҳалигача тўла ишлатилмаётган улкан салоҳият мавжуд. Малайзия компаниялари, жумладан, дунёнинг энг нуфузли 500 та компаниялари рўйхатига кирган ушбу мамлакатдан кирган ягона ташкилот – “Petronas” компанияси газни чуқур қайта ишлаш ва “яшил” энергия соҳаларида Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли алоқаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирмоқда. Гидроэнергетика, жумладан, кичик ва ўрта ГЭСларни қуриш, электроника ва электротехника бўйича Малайзияда катта тажриба мавжуд.
Экспорт соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорликда ҳали ишлатилмай келинаётган улкан салоҳият бор. Иқлим шароитлари сабабли Малайзия тропик мевалардан ташқари барча мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалигида етиштириладиган ҳамда қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларининг барчасини четдан олиб келади. Хусусан, ушбу юрт ҳар йили 25 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги озиқ-овқат маҳсулотларини, жумладан 3,0 млрд. АҚШ долларидан зиёд хўл ва қуритилган мева-сабзавот ва ёнғоқ маҳсулотларини импорт қилади. Бу Ўзбекистон учун жуда катта ва янги бозор, дейиш мумкин. Тегишли стандартларга амал қилган ҳолда ўзбек экспортчилари Малайзияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини кескин ошириши мумкин. Ўз навбатида, малайзиялик тадбиркорларнинг ўлкамизда етиштириладиган сифатли маҳсулотларга қизиқиши катта ва улар ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр.
– Маълумки, Малайзия Жануби-Шарқий Осиёнинг йирик иқтисодий марказларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон учун Малайзия АСЕАН бозорига чиқишда ўзига хос “иқтисодий кўприк” вазифасини бажариши мумкинми?
– Ҳақиқатан ҳам, Малайзия иқтисодиёти ҳажмига кўра, Жануби-Шарқий Осиёдаги бешинчи ва дунёдаги 38-мамлакат ҳисобланади. Бундан ташқари, географик ўрнига кўра, ушбу мамлакат Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари ассоциациясига (АСЕАН) аъзо ўлкаларнинг марказида жойлашган. Ушбу ташкилотга аъзо 11 та давлат ўзаро биргаликда 700 миллион кишига яқин улкан ягона бозорни ташкил этади.
Малайзиянинг турли томондан сув билан ўралганлиги ва қуруқлик орқали қўшни давлатлар билан ривожланган транспорт тармоқлари билан боғлангани Ўзбекистон учун АСЕАН бозорига чиқиш учун катта имконият яратади. Қолаверса, мамлакат аксарият денгиз портларининг дунёдаги энг муҳим стратегик денгиз йўллларидан бири саналган Малакка бўғизида жойлашганлиги бу борада ҳали фойдаланилмай келинаётган салоҳиятдан фойдаланиш эшикларини янада кенгроқ очиб беради.
Бундан ташқари, ушбу юртда мавжуд қатор денгиз портларида ташкил этилган эркин иқтисодий зоналари бу ерда ўзбек маҳсулотлари логистик базасини яратиш ва уларни ҳеч қандай қийинчиликларсиз ва тўсиқларсиз дангиз орқали АСЕАН мамлакатларига экспорт қилиш учун жуда қулай.
Бу борада элчихонамиз томонидан изчил ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, Фарғона вилояти ҳокимлиги билан ўзаро ҳамкорликда Куала-Лумпур шаҳрида савдо уйини очдик. Ушбу муассаса мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалик ва саноат, халқ ҳунармандчилиги маҳсулотларини малайзиялик ҳамкорларга кенг намойиш этиш ва улар билан тегишли экспорт шартномаларини имзолаш имконини бермоқда.
– Малайзия ислом молияси ва ҳалол индустрияни ривожлантириш бўйича жаҳонда етакчи тажрибага эга. Ушбу тажрибани Ўзбекистонда қўллаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва миллий маҳсулотларимизни халқаро ҳалол бозорига олиб чиқиш борасида қандай истиқболларни кўряпсиз?
– Тўғри, Малайзия ислом молияси ва шу асосда банк муносабатларини ривожлантиришда катта тажрибага эга давлат. Бу эса ўзаро ҳамкорлик асосида мамлакатимизда ушбу соҳаларни ривожлантириш салоҳияти улкан эканидан далолат беради. Шунинг учун ҳам 2025 йилнинг сентябрида Ислом молияси форуми илк бор Малайзиядан ташқарида, юртимизда ўтказилди. Ўшанда Малайзиянинг маҳаллий оммавий ахборот воситалари “Ислом молияси форуми илк Малайзиядан ташқарида – Имом Бухорий юрти Ўзбекистонда ўтказилмоқда”, деб хабар берган эди.
Бундан ташқари, ҳозирги пайтда бутун дунёда тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётган ҳалол маҳсулотларни ишлаб чиқариш, турли соҳаларда ҳалол экотизимини барпо этиш бўйича Малайзия билан яқиндан алоқаларни амалга ошириш имкониятлари катта. Элчихона томонидан республиканинг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликда Малайзия Ислом тараққиёти агентлиги (JAKIM) ва Ҳалол саноатини ривожлантириш корпорацияси (HDC) билан мамлакатимизда ҳалол саноати экотизимини яратиш, хусусан, маҳаллий маҳсулотларга ҳалол сертификатларни тақдим этадиган муассасани барпо этиш устида иш олиб бормоқдамиз. Шунингдек, ҳалол стандартларни туризм соҳасига жорий қилиш келажакда Ўзбекистонга мусулмон мамлакатларидан келаётган сайёҳлар сонини кескин оширишга кенг шароит яратади.
– Шу кунларда Куала-Лумпурда халқаро ҳалол маҳсулотлар кўргазмаси (MIHAS-2026) ўтказилмоқда. Ушбу нуфузли майдон Ўзбекистон компаниялари учун қандай янги имкониятларни очиши мумкин?
– Биласизми, жорий йилда Ўзбекистон компаниялари Малайзиянинг ҳалол маҳсулотлар халқаро кўргазмасида иккинчи бор иштирок этишди. Бу Ўзбекистон учун қайси жиҳатлари билан муҳим, деган савол туғилиши табиий.
Биринчидан, Малайзия аллақачон ўзини глобал ҳалол иқтисодиёт маркази сифатида намоён эта олган. Шунинг учун, MIHAS-2026 шунчаки савдо кўргазмаси эмас, балки у Малайзиянинг кенг ҳалол саноати экотизимига кириш имконияти, давлат идоралари, бизнес, сертификатлаш органлари, инвесторлар, дистрибюторлар ва халқаро харидорларни бирлаштирувчи муҳим майдон.
Иккинчидан, Малайзиянинг стратегик мавқеи АСЕАН ва Осиё бозорларига кириш эшигини очиб беради. Шунинг учун ушбу кўргазма ўзбек компаниялари учун Осиё-Тинч океани минтақаси бозорларига янада кенгроқ кириш учун катта имконият.
Учинчидан, MIHAS-2026 ҳалол саноатининг тижорат ва институционал жиҳатларини ўзаро бирлаштиради. Бу ерда компаниялар фақат ўз маҳсулотларини намойиш қилибгина қолмай, балки бизнес шериклар билан алоқа ўрнатиш, савдо, дистрибуция ва инвестиция масалалрини муҳокама қилишлари, шунингдек, технологиялар ва билимлар билан ўзаро тажриба алмашишлари мумкин.
Шу боис, Ўзбекистон учун MIHAS-2026 нинг аҳамияти Малайзия ҳалол тизими орқали янги бозорларга чиқиш, бу соҳада ўзаро билимларни алмашиш ва глобал ҳалол иқтисодиёти доирасида узоқ муддатли халқаро ҳамкорликни шакллантириш учун платформа эканида кўринади.
Бу йилги MIHAS доирасида 14 та саноат йўналишини ўзига жамлаган дуёнинг 80 га яқин давлатидан 1700 ортиқ (2400 дан ортиқ стендларда) ишлаб чиқарувчи, савдо ва хизмат кўрсатувчи компаниялар иштирок этмоқда.
Кўргазмада мамлакатимизнинг 7 та озиқ-овқат саноати ва экспортчи корхоналари ўз маҳсулотларини намойиш қилди. Жумладан, “Ermak”, “Ermak Plus”, “Crafers”, “N’Medov” ва “Delice” каби етакчи брендларга тегишли ҳалол сертификатига эга 100 дан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.
Мазкур кўргазма доирасида ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар мамлакатнинг ҳалол сертификатланган маҳсулотларини тарғиб қилиб, Малайзия ва Жануби-Шарқий Осиёлик шериклари ўртасида ўзбек брендларини янада кенгроқ танитишга муваффақ бўлдилар. Ўтказилган икки томонлама учравшувлар эса тўғридан-тўғри бизнес (Б2Б) алоқаларини ўрнатиш, аниқ тижорат, дистрибюторлик шерикликларини ривожлантириш ҳамда қўшма инвестиция ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш учун шароит яратди.
– Малайзиянинг юқори технологиялар, рақамли иқтисодиёт, электроника ва инновациялар соҳасидаги тажрибасини ҳисобга олсак, бу йўналишларда Ўзбекистон билан ҳамкорликни кучайтириш учун қандай имкониятлар мавжуд?
– Малайзия нисбатан қисқа тарихий муддатда юқори технологиялар, рақамли иқтисодиёт ва инновациялар ҳисобига жадал ривожланаётган мамлакатлар қаторига қўшила олган. Айниқса, бу ердаги электроника ва электротехника соҳасидаги ютуқлар таҳсинга сазовор. Ҳозирда ўлканинг ярим ўтказгичлар соҳасидаги тажрибаси жаҳоннинг энг ривожланган мамлакатлари томонидан тан олинган ва Малайзия ушбу маҳсулотларни жаҳон бозорига етказиб бериш бўйича етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.
Ана шуни инобатга олган ҳолда, Президентимиз Малайзияга амалга оширган тарихий ташрифлари давомида ушбу давлат билан ярим ўтказгичлар соҳасида яқин алоқаларни ўрнатиш, бу ерда мавжуд тажрибадан фойдаланиб, Ўзбекистоннинг ўз миллий ярим ўтказгичлар саноатини барпо этиш эшикларини очиб бердилар. Малайзиянинг “MIMOS Berhad” давлат компанияси билан олиб борилган музокараларнинг натижаси ўлароқ, ҳозирда бир гуруҳ ўзбекистонлик талантли ёшларни Малайзияда қайта тайёрлаш ва уларни бир йил давомида ушбу мамлакатнинг ярим ўтказгичлар ишлаб чиқарувчи етакчи компанияларида малака оширишлари масаласи бўйича келишувга эришилди. Бу эса келажакда юртимизда миллий ярим ўтказгичлар соҳасини барпо этиш ва ривожлантириш учун ўз ҳиссасини қўшиши шубҳасиз.
– Икки давлат ўртасида таълим ва илмий ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутади. Малайзия университетлари билан Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида қўшма дастурлар, академик алмашинув ва илмий лойиҳаларни кенгайтириш бўйича қандай ташаббуслар мавжуд?
– Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги таълим ва илмий соҳадаги ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Ушбу соҳаларни ўзаро ҳамкорликдаги энг тез ривожланиб бораётган йўналишлардан деб айтиш мумкин. 2025 йил февраль ойида Президентимизнинг Малайзияга ташрифи доирасида биринчи “Ўзбекистон-Малайзия олий таълим форуми” ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг 30 га яқин етакчи олий ўқув юртлари ректорлари иштирок этиб, малайзиялик ҳамкор университетлар билан рекорд даражадаги – 55 дан ортиқ ўзаро ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди. Бу ўз навбатида, ҳар икки давлат олий ўқув юртлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқиш имконини берди. Ушбу форум натижасида “Ўзбекистон-Малайзия олий ўқув юртлари консорциуми” тузилди ва у ҳозирда муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Бухоро давлат университети ва Бухоро давлат техника университети ва бошқа қатор олий ўқув юртлари Малайзиянинг етакчи олий ўқув юртлари билан яқин алоқаларни олиб бормоқда. Жорий йилнинг 21-25 сентябрь ойида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети делегациясининг Малайзияга ташрифи давомида ушбу ўлканинг стратегик коммуникациялар соҳасида жаҳондаги топ 30 га кирувчи олий ўқув юртларидан бири UCSI университети билан қўшма дастурларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Унга кўра, ЎзЖОКУда UCSI университети иштирокида учта йўналиш бўйича, яъни стратегик коммуникациялар бўйича дастлабки тайёрлов дастури, оммавий коммуникациялар бўйича бакалавр ва стратегик коммуникациялар бўйича магистрлар тайёрлаш дастурлари ташкил этилади. Шунга ўхшаш дастурларни республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги университетлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга ошириш бўйича ҳам ишларни амалга оширяпмиз.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг 800 дан ортиқ турли энергетика, иқтисодиёт, халқаро муносабатлар, банк, туризм, олий ва ўрта таълим ва бошқа қатор соҳа вакиллари Малайзиянинг етакчи таълим муассасаларида ўз малакаларини оширдилар. Шунингдек, кейинги йилларда Малайзиянинг стратегик тадқиқотлар бўйича давлат ва нодавлат муассасалари Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон билан ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш масалаларига тобора кенгроқ аҳамият бермоқдалар.
Шунингдек, ҳозирги вақтда 1000 га яқин ўзбекистонлик талаба Малайзиянинг етакчи олий ўқув юртларида бизнес бошқаруви, энергетика, ахборот технологиялари, тиббиёт, киберхавфсизлик каби қатор замонавий йўналишлар бўйича таҳсил олишмоқда. Элчихона кўмагида Кедах штатидаги Ал-Бухорий халқаро университетида эса 50 дан ортиқ ўзбек талабаларининг турли йўналишлар бўйича билим олишлари тўла грант асосида ташкил этилган.
– Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси Малайзия сайёҳлари учун катта қизиқиш уйғотиши табиий. Айниқса, зиёрат туризми йўналишида Малайзиядан диёримизга туристлар оқимини ошириш учун қандай имкониятлар бор?
– Қайд этиш керакки, аҳолисининг катта қисмини мусулмонлар ташкил этадиган Малайзияда мамлакатимизнинг тарихий-маданий, айниқса, жаҳон тамаддуни ва ислом дунёси ривожига улкан ҳисса қўшган алломалар ва ҳадисшунос олимларимизнинг меросига бўлган қизиқиш жуда катта. Ислом меъморчилиги анъаналари асосида барпо этилган Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларидаги бетакрор обидаларга саёҳат қилиш ҳар бир малайзияликнинг орзуси ҳисобланади. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда буткул янгиланган Имом Бухорий мажмуасининг ўта жозибадорлиги малайзияликларни тобора ўзига кўпроқ жалб этмоқда.
Бундан ташқари, ҳудудида доимий экваториал иқлим ҳукмрон ва бутун йил давомида бир хил ҳаво ҳарорати (+30, +32 даража) мавжуд бўлган Малайзия аҳолиси учун Ўзбекистондаги тўрт фаслнинг барчаси – ям-яшил баҳору, жазирама ёз, олтин куз-у, зумрад қиш жуда жозибадор сайёҳлик манзили саналади. Мамлакатимиз ҳудудининг айнан шу хусусияти ундаги бой тарихий-маданий мерос, тоғ, чўл, воҳа ва дарё водийларидан иборат гўзал табиат манзаралари ҳамда ҳар қандай кишини лол қолдирадиган хилма-хил гастрономик имкониятлар туфайли кейинги йилларда Малайзиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимининг тобора ошиб боришига олиб келмоқда. Жумладан, сўнгги уч йил давомида юртимизга келаётган малайзиялик сайёҳларнинг сони уч баробарга ошди. Бунга албатта ҳар иккала мамлакат пойтахтлари ўртасидаги ўзаро авиақатновлар сонининг ҳафтасига иккитадан саккизтагача кўпайгани катта ҳисса қўшмоқда.
Айниқса, Малайзия билан “Умра плюс” сайёҳлик пакетлари доирасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда катта салоҳият мавжуд. Малайзия ҳар йили умра ва ҳаж зиёратини амалга оширувчиларнинг сонига кўра етакчи мамлакатлардан бири саналади. Шуниси эътиборлики, ушбу ўлкада умра ва ҳаж зиёратидан олдин ислом ривожига улкан ҳисса қўшган мусулмон мамлакатларидан бирига сафар қилиш анъана тусига кирган. Шунинг учун ҳам, жорий йилда Малайзиянинг умра ва ҳаж зиёратларини ташкил этишга масъул давлат ташкилоти бўлган “Tabung haji” томонидан малайзияликлар учун Ўзбекистонни “Умра плюс” сайёҳлик манзили сифатида дастурга киритишга эришдик. Бу эса эса, келажакда Малайзиядан Ўзбекистонга келаётган зиёратчи сайёҳларнинг сонини кескин ошишига олиб келиши мумкин.
Шунингдек, мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари Самарқанд ва Бухорога Куала-Лумпурдан тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш зиёрат туризми борасидаги ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги поғонага олиб чиқиши мумкин. Ҳозирда “Malaysia Airlines” ва “Batik Air” авиакомпаниялари билан ҳамкорликда ушбу йўналишлар бўйича парвозларни амалга ошириш истиқболларини ўрганиб чиқмоқдамиз ва улар яқин келажакда йўлга қўйилиши мумкин.
– Маданий-гуманитар алоқалар ҳақида гап кетганда, ўзбек ва малай халқларини яқинлаштирадиган қандай умумий қадриятларни алоҳида қайд этган бўлардингиз?
– Ўзбек ва малай халқларининг ҳаёт тарзи, қадриятлари, урф-одат ва анъаналари бир-бирига яқин. Бунга ўз навбатида, ушбу анъаналарнинг Марказий Осиёдан Малакка ярим оролига Буюк ипак йўли таъсирида Хитой ва Бобурийлар узоқ йиллар ҳукмронлик қилган Ҳиндистон орқали кириб келиши ўз таъсирини кўрсатган. Шу билан бир қаторда, ҳар иккала мамлакатда муқаддас ислом дини билан боғлиқ қадриятлар ҳамда турли миллат ва элатлар ўртасидаги муносабатларда бағрикенглик анъаналари жуда яхши ривожланган.
Бундан ташқари, Малайзияда Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Баҳовуддин Нақшбанд, Имом Мотурудий, Имом Термизий каби алломаларнинг буюк меросига юксак эҳтиром билан қарашади. Мамлакатнинг турли қисмларида Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий номи билан аталган объектларни кўриб кўзингиз қувнаши шубҳасиз.
Шунингдек, малайзияликлар Малакка ярим оролини ўрганишга ва унинг Жануби-Шарқий Осиёдаги муҳим савдо ҳудудларидан бирига айланишига катта ҳисса қўшган ва бобоси асли бухоролик бўлган Чженг Хе (ёки Чженг Ма, асли исми Маҳмуднинг қисқартмаси) хотирасига эҳтиром сифатида Малакка штатида унга ҳайкал ўрнатишган.
Шу ўринда Малайзия технология университетининг раҳнамоси саналган мамлакат қироличаси Ража Зарит София жорий йил май ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган чоғида Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган “Ислом цивилизациясида илмий анъаналар: манбалар, долзарб масалалар ва салоҳият” мазусидаги халқаро конференцияда икки давлатни илм-фан, мерос ва цивилизацион қадриятлар бирлаштириб туришини таъкидлаб, Ўзбекистонни мусулмон оламининг йирик илмий марказларидан бири сифатида эътироф этганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Малайзия қироличасининг қайд этишича, Имом Бухорий, Мотуридий ва Беруний каби алломалар мероси бугун ҳам Малайзия таълим тизимида чуқур ўрганилиб, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик умумий маънавий ва илмий қадриятларга таянган ҳолда янги босқичга кўтарилмоқда.
Шунингдек, Малайзия Миллий университети улуғ алломаларимизнинг илмий меросини ўрганиш борасида Имом Бухорий, Имом Мотурудий ва Имом Термизий халқаро илмий марказлари билан яқиндан алоқалар ўрнатган. Ушбу ҳамкорликнинг амалий натижаси ўлароқ, ҳар йили қўшма анжуманлар ўтказилмоқда ва ҳар иккала мамлакатда яшаб ўтган уламоларнинг ислом дунёси ривожига қўшган ҳиссасига оид илмий тўпламлар чоп этилмоқда.
Бош қароргоҳи Куала-Лумпур шаҳрида жойлашган Бутунжаҳон суфийлар маркази томонидан ҳар йили Ўзбекистонда Баҳовуддин Нақшбандий ва Имом Бухорий анжуманлари ўтказиб келинмоқда. Жумладан, Имом Бухорий халқаро анжумани жорий йилнинг июнь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган бўлса, 6-Нақшбандия халқаро фестивали 17-23 сентябрь кунлари Бухоро шаҳрида ташкил этилди.
– Айтингчи, элчихона олдида бугун қандай устувор вазифалар турибди? Яқин истиқболда Ўзбекистон – Малайзия муносабатларида қандай янги лойиҳа ва ташаббусларни кутиш мумкин?
– Бугунги кунда Куала-Лумпурдаги элчихонамиз олдида Президентимизнинг Малайзияга амалга оширган олий даражадаги ташрифлари давомида белгиланган вазифаларни тўлиқ бажариш, ушбу юрт билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни янада жадаллаштириш, Ўзбекистондан экспорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажмини ошириш ва республикамизга келаётган туристлар оқимини ошириш каби устувор вазифалар турибди.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун ваколатхонамизда барча имкониятлар мавжуд. Жорий йилнинг ўзида элчихона ташаббуси билан Малайзия компаниялари иштирокида умумий қиймати 1,5 млрд. АҚШ долларидан ортиқ бўлган 10 га яқин лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришишга муваффақ бўлдик.
Яқин йилларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, ахборот технологиялари, тиббиёт, банк, энергетика, озиқ-овқат, туризм, қурилиш ва бошқа соҳаларда Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё ва бошқа қатор ҳудудларда инвестицион лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Энг асосийси, бунинг учун мустаҳкам асос бор, чунки, малайзияликларнинг, хох у оддий турист бўлсин, хоҳ турли соҳалардаги тадбиркор ёки таълим соҳаси вакили бўлсин, Ватанимизга қизиқиши тобора ортиб боряпти. Бу эса икки томонлама алоқаларни яқин келажакда янада ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Ўткир АЛИМОВ, ЎзА
Куала-Лумпур, Малайзия