Кармана бағридаги тарихий обида
Кармана туманида жойлашган “Работи-Малик” карвонсаройи ва унинг яқинидаги қадимий сардоба Навоий вилоятининг муҳим тарихий обидаларидан ҳисобланади. Бир вақтлар карвонлар учун қўнимгоҳ вазифасини ўтаган ушбу мажмуа бугун ҳам маҳаллий ва хорижий сайёҳларни ўзига жалб этмоқда.
Қадимий карвон йўли бўйида, М-37 халқаро автомагистрали яқинида жойлашгани обиданинг сайёҳлик аҳамиятини янада оширади. Ташриф буюрувчилар бу ерда тарихий меъморчилик намуналари билан танишиш баробарида, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини ҳам кўришлари мумкин.
“Работи-Малик” (Шоҳ работи) карвонсаройи XI асрнинг 70-йилларида Қорахонийлар сулоласи вакили Шамсулмулк Наср ибн Иброҳим томонидан Кармана–Бухоро карвон йўлида барпо этилган. XII асрнинг биринчи чорагида Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон даврида таъмирланган. Археологик тадқиқотлар натижасида карвонсаройнинг мураккаб меъморий тузилиши аниқланган. Қарийб бир гектар майдонни эгаллаган иншоот 100×100 метр ўлчамдаги деворлар билан ўралган бўлиб, икки қисмдан иборат бўлган.
[gallery-31853]
Бугунги кунда тарихий обида атрофида туризм инфратузилмасини ривожлантириш билан бирга, миллий ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Ҳудудда ташкил этилган ҳунармандчилик марказида карманалик ёш тадбиркор ва ҳунармандлар тайёрлаган турли сувенирлар сайёҳларга таклиф этилмоқда.
Қадимий карвонсарой, сардоба ва ҳунармандчилик маркази “Работи-Малик”нинг тарихий меросини асраб-авайлаш, уни кенг тарғиб этиш ва сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА